Конституцион ўзгариш: Давлат ва инсон ўртасидаги қарама-қаршиликда инсон фойдаси талқин қилинади
Жамият
−
25 Июнь 2022
4880Бундан буён Ўзбекистонда инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши мумкин. Айни тартиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасидан ўрин олиши кутилмоқда.
Маълумки, бугун, 25 июнь куни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қўйилди.
Амалдаги Конституциянинг 13-моддасида, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”, деб ёзилган бўлса, Бош қомусга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, 13-модда қуйидагича ўзгармоқда:
“Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг маъносини, мазмунини ва қўлланилишини, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини белгилайди.
Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарамақаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”.
Шунингдек, Конституциянинг 14-моддасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланишини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”.
15-модда эса қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилиши кўзда тутилган:
"Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади”.
Бундан буён ушбу модданинг иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисобланади.
16-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принципларга ва қоидаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас”
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси жорий йилнинг 24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Конституциявий қонун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясининг барча бўлимларидаги 66 та моддага 170 дан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15