Конгодаги жангларда 700 киши ҳалок бўлди
Олам
−
01 Февраль
2915Конго Демократик Республикасининг Гома шаҳридаги жангларда 700 киши ҳалок бўлди, 2,8 минг киши яраланди. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди.
Унинг айтишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унинг ҳамкорлари Гома шаҳридаги жангларда қурбон бўлганлар сонини ҳисоблаб чиққан.
“26-30 январь кунлари 700 киши ҳалок бўлди, 2,8 минг киши жароҳат олди”, дейилади хабарда.
БМТ вакили, шунингдек, “қўшимча маълумотлар пайдо бўлиши билан ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони ортиши” кутилаётганини айтиб ўтган.
Маълумот учун, Конго ҳукумати Руанда билан дипломатик алоқаларни узиб, Руандани исёнчиларни қўллаб-қувватлашда айблаганидан сўнг Конго Демократик Республикасидаги кескинлик янада кучайган. КДР Ташқи ишлар вазирлиги 26 январь куни Руанда пойтахти Кигалидаги дипломатларини зудлик билан чақириб олишини эълон қилган ва мамлакатнинг Киншасадаги элчихонасини 48 соат ичида ёпишни буюрган.
27 январь куни М23 ҳаракати етакчиси Корнель Нангаа Гома шаҳрини эгаллаб олганини эълон қилди. Қўзғолончилар жанубий қисмдан шаҳарга озиқ-овқат ва зарурий товарларни етказиб бериш йўлларини ёпиб қўйган. “Reuters” агентлигининг 28 январь куни хабар беришича, М23 дан Конго исёнчилари Гома шаҳридаги аэропортни назоратга олган. Қайд этилишича, айнан у орқали БМТ, гуманитар гуруҳлар ва тинчликпарвар кучлар юкларни етказиб берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикаси пойтахти Киншасада АҚШ элчихонаси ва яна бошқа бир қанча дипломатик миссияларга ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берилганди. Киншаса шаҳрида намойишчилар Руандани қўллаб-қувватлагани учун Франция, АҚШ, Руанда, Уганда ва Кения элчихоналарига ҳужум қилган.
LiveБарчаси
“Қамчиқ” довонида қор ёғмоқда.
06 Март