Конгодаги можаро фонида элчихоналар ҳужумга учрамоқда
Олам
−
29 Январь
1608Конго Демократик Республикаси пойтахти Киншасада АҚШ элчихонаси ва яна бошқа бир қанча дипломатик миссияларга ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда “Sputnik Africa” хабар берди.
Қайд этилишича, Руанда билан бошланган уруш фонида Конго Демократик Республикасининг Киншаса шаҳрида намойишчилар Руандани қўллаб-қувватлагани учун Франция, АҚШ, Руанда, Уганда ва Кения элчихоналарига ҳужум қилган. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро мамлакат элчихонасига ҳужум уюштирилганини айтган.
“Reuters” агентлигига кўра, полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Конго алоқа вазири Патрик Муяя миллий телевидение орқали чиқиш қилиб, намойишчиларни ҳужумларни тўхтатишга чақирган. Кейинроқ у вазият назорат остида эканини айтган.
Қолаверса, намойишчилар Конго Демократик Республикаси пойтахти Киншасадаги АҚШ элчихонаси олдида машина шиналарини ёқиб, мамлакат шарқидаги тарангликни бартараф этиш учун халқаро аралашувни талаб қилмоқда.
“Намойишчилар 27 январь куни АҚШнинг Киншасадаги элчихонаси олдига тўпланиб, мамлакат шарқидаги зўравонликлардан сўнг халқаро ҳамжамиятни кучайтиришни талаб қилишди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳар қандай тартибсизликларнинг олдини олиш учун бино атрофида хавфсизлик чегарасини яратди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ М23 ҳаракатининг Руанда томонидан қўллаб-қувватланаётган Конго исёнчилари Конго Демократик Республикаси шарқидаги йирик Гома шаҳрини эгаллаб олганини эълон қилганди.
LiveБарчаси