Комилжон Алламжонов: Буни таъминламасдан туриб ОАВни “тўртинчи ҳокимият”га даражасига кўтариб бўлмайди (видео)

Жамият

Аввалроқ, бугун, 28 май куни Тошкентдаги “Hyatt ragency Tashkent” меҳмонхонасида “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида республика конференцияси ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов ҳам иштирок этиб нутқ сўзлади.

Комилжон Алламжонов ўтган даврда мамлакатда сўз эркинлиги ва ОАВ мустақиллигини, давлат идораларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди. 

Қуйида Комилжон Алламжоновнинг нутқи билан танишишингиз мумкин.

Ахборот ва оммавий ахборот коммуникациялар агентлиги директори К.Алламжоновнинг нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, мамлакат медиа-бозорини ривожлантириш орқали оммавий ахборот воситаларини том маънодаги “тўртинчи ҳокимият” даражасига етказиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Буни кейинги икки йил мобайнида республикамизда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг самарали ва эркин фаолият юритишларини таъминлашга йўналтирилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинганида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди.

Агентлик зиммасига Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида алоҳида мақом ва ваколат берилди.

Хусусан, фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, медиа-бозорда мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги ОАВ учун тенг шароит яратиш ва албатта, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сингари долзарб масалалар Агентликнинг асосий вазифаси сифатида белгилиб қўйилди. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ушбу вазифалар, 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастури ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида халқаро рейтингларда сўз эркинлиги ва ОАВ фаолияти бўйича мамлакатимизнинг мавқеини яхшилаш, медиа-омбудсман лавозимини жорий этиш, суд органлари ва журналистлар ўртасида изчил ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Юқоридаги чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, ахборот соҳасини, мамлакат медиа-бозорини жадал ривожлантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, халқимизга тўғри ва холис ахборотни тезкорлик билан етказиш ва фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш салоҳиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаларини шакллантиришдир.

Бу кўп жиҳатдан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматларида фаолият олиб бораётган журналистларнинг масъулияти ва малакасига ҳам боғлиқ. Буни таъминламасдан туриб ОАВни “тўртинчи ҳокимият”га даражасига кўтариб бўлмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари ходимларининг малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш, олий таълим муассасаларида ўқиётган бўлажак журналистларга бугунги замон ва ислоҳотлар талаби асосида билим бериш энг муҳим масалалардан биридир.

Ҳозирги даврда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари асосий ахборот манбаи ҳисобланади. Афсуски, давлат ташкилотларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиликлар ўз вақтида ёритилмаяпти.

Шуни ҳисобга олиб, Агентлик томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари мақоми ва мавқеини ошириш бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрланди. 

Ўзбекистон Республикаси кейинги уч-тўрт йилдан бери очиқлик сиёсатини амалга ошириб келмоқда. Шу йилнинг ўзида бир қатор хорижий ахборот агентликлари, жумладан, “Voice of America”нинг ўзбек хизмати, “Фергана”, “Eurasianet”, “China News Service” ва бошқа ташкилотларнинг мухбирлари аккредитациядан ўтказилди.


Фуқароларимиз “Voice of America”, “Amerika ovozi”, “BBC Uzbek”, “Deutsche Welle”, “Amnesty International”, “Human Rights Watch”, “Reporters sans frontieres”, “Eurasianet.org”, “AsiaTerra”, “Fergana Agency”, “Centre1”, “Uzmetronom” каби веб-ресурслардан очиқ фойдалана бошлади. Умуман, бугун ушбу ахборот воситаларининг республикамизда эркин фаолият олиб боришлари учун барча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмоқда.

Лекин шунга қарамасдан, айрим оммавий ахборот воситалари журналистик этиканинг умум қабул қилинган меъёрларига зид равишда фаолият юритаётганини қайд этиб ўтмоқчиман. Агентлик томонидан бундай чиқишлар бўйича расмий муносабат билдирилмоқда. Биз очиқ мулоқот, тўғри ва холис ахборот тарқатилиши тарафдоримиз. Бошқалардан ҳам шундай йўл тутишни сўраймиз.

Ҳар бир киши ва ҳар қандай оммавий ахборот воситаси ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатишда яратиб берилган эркинлик ва имкониятдан тўғри фойдаланган ҳолда, ахборот соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя этиш масъулиятини ҳам унутмаслигини эслатиб ўтамиз. Бизнинг мақсадимиз ҳам аслида шу.

Ўйламанки, бугунги тадбирда иштирок этаётган депутат ва сенаторларимиз, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбар ва масъул ходимлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, журналист ва блогерларимиз кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилишда фаол қатнашишади.

Улар томонидан билдириладиган фикр, мулоҳаза ва таклифлар ахборот соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янги босқичга кўтариш, фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Комилжон Алламжонов

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг