Комилов Миллий хавфсизликни таъминлаш ва демократик эркинликлар ўртасидаги нисбатни тушунтириб берди

Жамият

image

Давлат миллий хавфсизликни таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, демократик эркинликлар эса барча учун баробар бўлган қонунларни бузиш учун қўлланилмаслиги лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро пресс-клубнинг бугун, 3 декабрь куни ўтган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари” мавзусидаги давра суҳбатида айтиб ўтди 

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон демократик тараққиёт масалалари билан шуғулланадиган барча халқаро ташкилотлар ва тузилмалар, жумладан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бюроси, БМТнинг конвенциявий органлари, ЕХҲТнинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича олий комиссари бошқармаси ва бошқалар билан яқиндан, очиқ ҳамкорлик қилади. 

“Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот Ўзбекистоннинг муҳим шериклари, хусусан Европа Иттифоқи, АҚШ, МДҲ давлатлари билан ҳамкорлиги кун тартибига киритилган. Кенг халқаро кўмак билан Ўзбекистон биринчи марта кейинги уч йил муддатга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланди”, дейди Абдулазиз Комилов. 

Ўзбекистон ташқи идораси раҳбари сўзида давом этаркан, мамлакат кўп йиллар давомида гўё миллий хавфсизликни таъминлашни рўкач қилиб, асосий инсон ҳуқуқларини бузаётгани учун танқид қилиб келинганини айтди. 

“Бугун мен сизнинг эътиборингизни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шериклар билан мулоқотимиз мазмунининг муҳим жиҳатларидан бирига қаратмоқчиман. Бу давлат хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги нисбат ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлик масаласидир. Ҳаммага маълумки, кўп йиллар давомида Ўзбекисон гўёки Миллий хавфсизликни таъминлашни рўкач қилиб, асосий инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётгани учун танқид қилиб келинган. Бу оддий муаммо эмас ва демократик ривожланиш даражасидан қатъи назар кўп мамлакатлар учун долзарбдир. 

Ўзбекистонга тўхталадиган бўлсак, сўнгги 3-4 йил ичида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида ушбу маммони бартараф этиш учун жуда кўп ишлар қилинди. Албатта, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя остида бўлмоғи лозим. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан давлат ҳокимиятини демократлаштириш халқ ва оммавий ахборот воситалари билан тўғридан тўғри ва шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фуқаролик ва жамоатчилик фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида ортга қайтмайдиган йўлда бормоқда”, дейди Комилов.

Вазирга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай нозик масалаларни миллий ва глобал даражада очиқ муҳокама қиляпти. У 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ва жорий йил август ойида виртуал форматда ўтказилган худди шундай тадбирни эслади.  

Комиловга кўра, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бузилиши ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида фуқароларнинг эркинликларини чеклашга бўлган муносабати кескин ўзгарган. У бунга мисол тариқасида ўтган йили Суриядан 200 га яқин фуқаронинг қайтарилгани ва навбатдаги шундай миссияга тайёргарлик кўрилаётганини айтди. 

“Ўзбекистонда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устундир ва бу тамойил Президент Шавкат Мирзиёев аниқ таъкидлаганидек, ҳар қандай шароитда, шу жумладан фавқулодда вазиятларда ҳам қатъий амал қилади. Аммо бу муаммонинг, яъни хавфсизлик ҳамда инсон ҳуқуқлари нисбати ва боғлиқлигинининг яна бир томони бор. Фуқаролик жамияти ва демократик институтлар инсон ҳуқуқлари, шу жумладан сўз эркинлигини амалда рўёбга чиқариш учун кен имкониятлар яратади. Бироқ, ушбу демократик қадриятлар барқарорлик асосларига путур етказиш, жамоат тартибини, амалдаги қонунларни бузиш баҳона ва имкониятга айланиб қолмаслиги керак. Нима демоқчиман? Масалан, сўнгги пайтларда айрим, ҳатто, демократик ривожланган мамлакатларда ҳам оммавий кайфиятларнинг кескинлашуви натижасида ҳуқуқий тартибнинг бузилишига, тартибсизликларга, ўт қўйишларга ва ҳатто одамларнинг қурбон бўлишига гувоҳ бўляпмиз. Ўзингизга яхши маълумки, ушбу қонунбузарликларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларни суиистеъмол қилиш орқали содир этилган. Натижада биз табиий бир хулосага келдик: мамлакатнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва демократик ривожланиши фақат давлат ва жамиятнинг яқин ва конструвтив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкин. 

Айни пайтда юқорида айтиб ўтганимдек, давлат миллий хавфсизликни таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, демократик эркинликлар эса барча учун баробар бўлган қонунларни бузиш учун қўлланилмаслиги лозим. Буни англаб етиш, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган асосий туб ўзгаришлардан биридир”, дейди ташқи идора раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Комилов сўз ва матбуот эркинлиги

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг