Комендантлик соати нима? Уни қайси давлатлар бошидан кечирган? 

Таҳлил

image
Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат эълон қилиш тартиби қандай?  north_east

Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат эълон қилиш тартиби қандай? 

Дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус касаллиги куннинг бош мавзуси бўлиб турибди. Касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида қатъий чоралар кўрилмоқда. Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан 24 март соат 00:01 дан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.  

Мамлакатдаги қалтис вазиятда кўпчилик томонидан бир савол кўп бора берилмоқда – бизда комендантлик соати жорий этиладими? Бу нима дегани? Келинг, ушбу мақоламизда бу тушунчани ойдинлаштириб олайлик ва тарихдаги энг машҳур коментдантлик соатлари билан танишайлик. 

Комендантлик соати ўзи нима?

Комендантлик соати деган тушунча бўйича қонун нормаларида аниқ тўхтам мавжуд эмас. Бироқ комендантлик соати бўйича кўпчиликда тушунча шаклланиб улгурган, шу сабабли кўп бора тилга олинадиган таърифлардан умумлаштириб ўтамиз.

Комендантлик соати – фавқулодда вазият, уруш ёки аҳоли учун хавф туғдирувчи бошқа ҳолатларда сутканинг бирор вақтида кўчаларда, жамоат жойларида бўлишни тақиқлаш ҳисобланади. Бироқ бу вазиятда маълум бир рухсат берилган шахсларга истисно этилади. Бу чекловни амалда бажарилиши учун махсус полиция ёки қуролли қўшин жалб этилади. 

Коронавирус касаллиги пандемия даражасига чиққанидан сўнг, бутун дунё бўйлаб вазият издан чиқди. Шу сабабли, қўшни давлатлардан Қирғизистонда жорий йил 25 мартдан бошлаб комендантлик соати жорий этилди. Қирғизистон Президенти Сооранбай Жээнбеков 15 апрелгача бу жараён давом этиши бўйича қарор қабул қилди. Ўзбекистоннинг шимолида жойлашган Қозоғистон ҳам Нур-Султон ва Олма-ота шаҳарларида комендантлик соатини эълон қилди. Унга кўра, аҳоли ва жамоат транспортларининг ҳаракатида чекловлар жорий этилди.

Бундай ҳолатлар тарихда ҳам ҳеч кузатилганми? Келинг, бир неча мисоллар билан ўртоқлашсак.

Чили – диктаторнинг ҳокимиятга келиши 

1973 йил 11 сентябрь куни Чилида генерал-капитан Аугусто Пиночет амалдаги Президент Сальвадор Алъендега қарши давлат тўнтаришини амалга оширади. Бу шунчаки норозилик намойиши эмас, ҳақиқий ҳарбий террор эди. Ушбу давлат тўнтариши ўта пухта ўйланган ҳарбий операция сингари ташкил қилинган. Президент саройи ракеталар билан ўққа тутилган. Ҳарбийлар орасида бу қонхўрликка қарши чиққанлар аёвсиз отиб ташланган. 

Чилида ушбу суронли даврда аҳоли кўчага чиқиши тақиқланган, жамоат транспортлари тўхтатилган. Мамлакатда фавқулодда ҳолат ҳукм сурган.

“ГКЧП” – СССР парчаланишидаги кулминация  

1991 йил 18 августдан 21 августгача ўзбошимчалик билан тузилган бу ташкилотда СССРнинг кўплаб юқори лавозимдаги амалдорлари ўтирар эди. СССР фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси Президент Горбачёвнинг Суверен Давлатлар иттифоқи дея номланаётган янги конфедератив шаклдаги иттифоқни тузишга рози бўлмаётгани сабаб бўлади. Бу ташкилот тиш-тирноғи билан Собиқ Совет давлати тўлиқ парчаланишига қарши эди. 

1991 йил 20 август куни қўмита тарафдорларидан бири генерали Калинин Москвада комендантлик соати эълон қилади. Бироқ янги Президент Елцин ва унинг тарафдорлари вазиятни қўлга олгани боис, бу ҳолат ўша куниёқ бекор қилинади. 

Парижни ларзага келтирган теракт  

2015 йил 13 ноябрь куни Париж шаҳрида мудҳиш воқеа содир бўлди. “Стад-де Франс” стадионидаги портлаш, “Батаклан” концерт зали ва бир неча ресторанлардаги аҳолига қарата ўқ узишлар натижасида 150 га яқин инсон нобуд бўлди. 200 га яқин киши яраланди. Бу терактни ИШИД амалга оширганини ўз бўйнига олди. 

Бу шафқатсизлик ортидан келган йўқотишларни Париж Иккинчи жаҳон урушидан бери бошидан ўтказмаган эди. Бу кун тарихга “француз 11 сентябри” дея муҳрланди. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 2005 йилги оммавий тартибсизликлардан бери шаҳарда коммендантлик соати биринчи марта жорий этилган эди.     

378 бола отасиз ва онасиз қолдирган тун

2016 йилнинг 15 июль куни Туркия ҳам ана шундай мудҳиш тунни бошдан кечирди. Мамлакатнинг мавжуд конституцион тузумини ағдаришга шайланган террорчи гуруҳлар энг аввал бош телеканал ҳисобланган TRT биносини қўлга олиб, эфир орқали мамлакат ҳокимияти эгаллангани, то изн берилмагунча уйдан чиқиш тақиқланганини эълон қилинган.

Ҳаммаси соат 20:00дан кейин бошланган. Мамлакат пойтахти Анқаранинг сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли энг гавжум бўлган нуқтаси – Қизилой майдонида одамлар ўққа тутилди. Парламент биноси бомбаланди. Истанбулдаги Бўғоз кўприги ёпиб қўйилди, мамлакатда ҳарбий кучлар томонидан “Сулҳ операцияси” бошлангани эълон қилинди.  

Бу воқеалар бошланган вақтда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Мармарисда дам олаётган эди. У тунаб қолган меҳмонхонага ҳам ҳужум уюштирилди. Тасодифки, Эрдўған ҳужум рўй берган вақтда меҳмонхонани тарк этганди. 

Орадан кўп ўтмай Ражаб Тойиб Эрдўған Skype орқали CNN TURK телеканалида чиқиш қилди ва турк халқини бирлашишга, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолишга, кўчаларга чиқиб, демократик ҳокимиятни ағдармоқчи бўлган хоинларга қарши туришга чақирди. Оломон кўчаларга ёйилди. Нафақат эркаклар, аёллар, ёш қизлар, болалар ҳам қўлида байроқ билан кўчаларга чиқди. Ўзига қарата ўқталинган қуроллар, танкларни хоинлар қўлидан олишга уринди ва бунинг уддасидан чиқди. Қуролли тўқнашувлар 251 киши қурбон бўлди, 2740 киши жароҳатланди. 378 бола отасиз ва онасиз қолди. 

Ушбу давлат тўнтаришига ҳаракат айни дамда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги FETO террористик гуруҳи ва унинг давлатдаги корчалонлари орқали амалга оширилгани маълум қилинди.

Юқоридаги мисоллар билан коронавирус пандемиясини солиштириш ниятидан йироқмиз. Юқоридаги комендантлик соатлари айнан бирор шаҳар ҳудудида эълон қилинган ва чеклов вақтлари ҳам бир неча кун давомида ҳукм сурган, холос. Коронавирус балосидан эса ер юзининг деярли барча минтақалари азият чекмоқда. Дунё ҳали бундай пандемия даражасидаги балони кўрмаган. Сайёрамиз ва мамлакатимиз бошидан бу бало тезроқ кетишини тилаб қоламиз.  


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Нур-Султон СССР Олма-ота Комендант ГКЧП

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг