Колумбияда автобус қоядан қулаши оқибатида 10 киши ҳалок бўлди
Олам
−
23 Июль 2023
4229Колумбия шимолида автобус қоядан қулаб тушди. Оқибатда 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “El Diario” маълум қилди.
“Афсуски, ҳозиргача 10 киши ҳалок бўлгани ва 30 киши яралангани ҳақида хабар берилган”, дейилади хабарда.
“El Tiempo” газетасининг ёзишича, Кукута шаҳридан Вальедупар шаҳрига 41 йўловчини олиб кетаётган автобус йўлдан чиқиб кетган ва тахминан 200 метр чуқурликка қулаган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар орасида икки нафар вояга етмаган бола ҳам бор.
Дастлабки маълумотларга кўра, автобусда Венесуэладан келган муҳожирлар кетаётган бўлган. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда, ҳолат миллий полиция ва Миллий йўллар институти мутахассислари томонидан текширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги йирик чорраҳалардан бирида икки қаватли сайёҳлик автобуси бошқа бир автобус билан тўқнашиши оқибатида камида 80 киши жароҳатланганди.