Колизей деворига севгилиси ва ўзининг исмини ёзиб қолдирган сайёҳ ушланди
Олам
−
08 Июль 2023
7900Римдаги Колизей тарихий мажмуасининг деворига севгилиси ҳамда ўзининг исмини ёзиб қолдирган йигит Рим полицияси томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Унда айтилишича, июнь ойининг охирларида Римга ташриф бурган сайёҳ 2 000 йиллик Колизей деворига севгилиси ва ўзининг исмини “Ivan+Haley 23” шаклида ўйиб ёзган ҳамда бу жараённи бошқа бир сайёҳ видеога олиб ижтимоий тармоққа жойлаган. Шундан сўнг бу воқеа кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб, мамлакатдаги тегишли органлар томонидан сайёҳ йигит қўлга олинган.
Сайёҳнинг адвокати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, йигитнинг исми Иван Димитров бўлиб, ҳозирда у Рим прокуратураси томонидан маданий бойликларга етказган зарари учун тергов қилинмоқда. Сайёҳ томонидан Рим муниципалитети ҳамда прокуратурага аризалар тақдим қилинган. У аризасида зарар келтирган бино тарихий ёдгорлик эканлигини кейинчалик билганини айтган.
"Мен бу ҳолатни катта хижолат билан тан оламан. Афсуски, ёдгорлик қадимий эканлигини кейинчалик билиб олдим", дея ёзган Иван Димитров.
Мамлакат Маданият вазири Женнаро СанжулианоTwitter'даги саҳифасида сайёҳнинг ушлангани ва унга нисбатан чора кўрилиши ёзган.
"Бу воқеа археологик ёдгорликлар ҳамда тарихни қадрлайдиган одамларни қаттиқ хафа қилди", дея у қўшимча изоҳ ҳам қолдирган.
Шунингдек, хабарда айтилишича, сайёҳ бу қилмиши учун 5 минг еврогача (5 400 доллар) жарима ва 15 кунлик қамоқ жазосига тортилиши мумкин.