Кобулдаги аэропортда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ўрнатилди. У қанчалик муҳим объект?

Олам 4971
image

Афғонистон ҳукумати Кобулдаги Ҳамид Каразай номидаги халқаро аэропорт ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ўрнатди. Бу ҳақда Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Тарик Аржен айтиб ўтди.

Ҳаводан мудофаа тизими ўтган кеча мамлакатда кучайиб бораётган зиддиятлар ва “Толибон” ҳаракатининг фаоллашуви фонида ўрнатилди ва ишга туширилди. Тизими ракеталарни зарарсизлантиришга ёрдам беради. Арженнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари ўз ҳаётлари эвазига мамлакатни ҳимоя қилишга тайёр.

Кобулдаги Ҳамид Карзай халқаро аэропорти мамлакатнинг ташқи дунёга йўл очадиган асосий эшиги ҳисобланади. Кобул марказидан 5 километр узоқликда жойлашган аэропорт 1960 йилларда собиқ Совет мутахассислари томонидан қурилган бўлиб, Афғонистоннинг ички ва ташқи сиёсати учун муҳим объектдир.

Собиқ Совет ҳарбийлари Афғонистонга кириб келган даврда (1979-1989) ушбу аэропортдан ҳам фаол фойдаланилган. 1992 йилда Мажаҳидлар ҳаво портини эгаллаб олган. 1996 йилда толиблар Кобул устидан назорат ўрнатган ва 2001 йилгача, АҚШ бу мамлакатга бостириб киргунга қадар аэропортни ҳам назорат қилган. Толиблар назорати даврида аэропорт санкциялар туфайли амалда ишлатилмаган ва ташландиқ ҳолатга келиб қолган.

НАТОдан кейинги даврда ушбу ҳаво портининг аҳамияти янада ошади, чунки кўплаб хорижликлар Афғонистон билан алоқаларни сақлаб қолиш масаласини ушбу мамлакат билан алоқа хавфсизлиги билан боғлашади. Аэропорт хавфсизлиги Афғонистон ҳаво кучлари ва вақти-вақти билан хорижий ҳарбий хизматчилар томонидан таъминланади.

“Толибон” раҳбарлари аввалроқ “бутун Афғонистон ҳудуди, шу жумладан аэропортлар афғонлар назорати ва маъмурияти остида бўлиши керак”лигини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ расмий Вашингтон катта эҳтимол билан Афғонистондаги мингга яқин ҳарбийларини АҚШ элчихонаси ва Кобулдаги аэропортни қўриқлаш учун қолдириши ҳақида хабар берилганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 197
Рейтинг: 2.9
t
×