Клеверли Пекинда уйғурлар масаласини кўтарди
Олам
−
31 Август 2023
8762Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Пекинга сафари чоғида Хитой Раиси ўринбосари Хань Чжэн ва Хитой ТИВ раҳбари Ван И билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Британия ТИВ хабар берди.
Клеверли Буюк Британиянинг асосий геосиёсий масалалар, жумладан, Украинадаги уруш, Шимолий Кореядаги вазият ва ядровий қуролларни тарқатмаслик борасидаги позициясини баён қилган.
Шунингдек, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Хитойнинг “зарарли киберфаолияти” бўйича Лондон позициясини ҳам билдирди.
Вазирлик хабарига кўра, Клеверли Тайван бўғозида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш халқаро ҳамжамият учун муҳимлигини таъкидлаб, парламентдаги ҳамкасбларига нисбатан санкцияларни зудлик билан бекор қилишга чақирган. Бундан ташқари, вазир Буюк Британия Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида этник уйғурларнинг оммавий ҳибсга олинишидан чуқур хавотирда эканини таъкидлаган.