КХДР Украинадаги урушдан қанча ишлаб олгани маълум бўлди
Олам
−
16 Апрель 18790 3 дақиқа
Шимолий Кореянинг Россиянинг Украинага қарши урушидаги иштироки мамлакат иқтисодиётига аллақачон 20 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Мудофаа таҳлил институти (KIDA) таҳлилий маркази ҳисоботига таяниб, “Newsweek” хабар берди.
KIDA ҳисоб-китобларига кўра, бу маблағнинг асосий қисми Россияга етказиб берилган ўқ-дорилар эвазига тушган. Россия армияси Украинадаги жангларда Шимолий Кореядан келаётган артиллерия ўқ-дориларига жиддий даражада боғлиқ бўлиб қолган. “Reuters” нашрининг Россия армиясига оид ҳисоботларга таяниб ёзишича, баъзи бўлинмалар керакли ўқ-дориларнинг ҳатто 100 фоизини айнан Пхеньяндан олмоқда.
Шунингдек, КХДР минглаб ҳарбий хизматчиларини Россияга юбориш орқали ҳам фойда кўрмоқда ва бунинг эвазига ҳарбий техника олаётгани айтилади. Баҳолашларга кўра, юборилган 11 минг аскардан 4 минг нафари ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти Курск вилоятида жанг қилган. KIDA’га кўра, Шимолий Корея Россиядан пул ўрнига бартер қилиш орқали моддий ёрдам ва техник кўмак, жумладан, замонавий ҳарбий технологиялар – атом сувости кемалари ҳамда замонавий қирувчи самолётларни олишга устуворлик бермоқда. Бу эса мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини ошириб, стратегик мақсадларига эришишида хизмат қилмоқда.
KIDA ҳисоб-китобларига кўра, артиллерия снарядлари, танкка қарши гранатамётлар ва баллистик ракеталар каби ҳарбий маҳсулотлар таъминотининг умумий қиймати 19,2 миллиард долларни ташкил этган. NK News хабарига кўра, Пхеньян Россияга денгиз орқали 21 мингта контейнер юборган, қўшимча таъминот эса ер ва ҳаво йўли орқали амалга оширилган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Пхеньян технологияларни узатиш орқали 630 миллион доллар, ҳарбий хизматчилар орқали эса 280 миллион доллар даромад олган. Россия томонидан шимолий кореялик ҳарбийларга ойига тахминан 2000 доллар ва бир марталик бошланғич тўлов тўланади, бироқ бу маблағларнинг катта қисмини КХДР ҳукумати тортиб олади.
KIDA ҳисоботини “Reuters” ҳамда “Open Source Centre” (OSC) томонидан ўтказилган мустақил таҳлил тасдиқлаган. Унга кўра, 2023 йил августидан 2025 йил мартигача Шимолий Корея Россияга 15 800 дан ортиқ контейнер ўқ-дори юборган. Сунъий йўлдош суратларига асосланган ҳисоб-китобларга кўра, Россия кемаларининг 64 та рейси давомида 4,2-5,8 миллион дона Шимолий Корея ўқ-дорилари ташилган бўлиши мумкин.
KIDA Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка зудлик билан барҳам бериш зарурлигини таъкидлаган.
“Агар бу давом этса, Россиянинг Корея яриморолидаги эҳтимолий инқироз ҳолатларига аралашуви эҳтимоли ошади”, дейилади хабарда.
OSC бу ҳамкорликни жиддий стратегик таҳдид деб атаган.
“Агар зарур чоралар кўрилмаса, бу қурол оқими жанговар ҳолатни Москва фойдасига янада буриб юборади ва Европа ҳамда Шарқий Осиёдаги хавфсизлик учун янада кенгроқ таҳдид туғдиради”, дейилади OSC баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армияси Украинадаги урушда Шимолий Кореядан етказиб берилаётган артиллерия ўқ-дориларига ниҳоятда боғлиқ бўлиб қолгани ва Пхеньян ўртача ҳисобда Россия қўшинларини зарур снарядларнинг ярми билан таъминлаётгани хабар қилинганди. Айрим бўлинмалар эса бу борада Шимолий Кореяга 100 фоиз боғлиқ ҳолда жанг қилаётгани айтилмоқда.