КХДР Россияга қўшимча куч юборишга тайёрланмоқда
Олам
−
24 Январь
2913Шимолий Корея Украина билан урушда қўллаб-қувватлаш учун Россияга қўшимча ҳарбий кучлар юборишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Қуролли кучлари бош штабига (JCS) таяниб, “Yonhap” хабар берди.
JCS маълумотларига кўра, Шимолий Кореянинг дастлабки 11 минг аскардан иборат гуруҳи тахминан тўрт ой аввал Россияга етиб борган, бироқ жангларда йўқотишлар оқибатида уларнинг учдан бир қисми сафдан чиққан. Шу билан бирга, бир неча аскарлар асирга тушган. Шимолий Корея бу йўқотишларга қарамай, Россияга қўшимча кучлар юбориш режасини фаоллаштирган.
“The New York Times” нашрининг АҚШ Мудофаа вазирлигидаги манбасига кўра, Шимолий Корея яқин икки ой ичида Россияга янги қўшимча куч юборади. Аммо аскарлар сони ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Олдинроқ Россия Шимолий Корея ҳарбийларига ҳар бир аскари учун 2 минг доллар миқдорида пул тўлаётгани, бу эса Шимолий Кореяда бир аскарнинг йиллик ўртача маошидан 83 баробар кўп экани айтилганди.
Бундан ташқари, Шимолий Корея Россияга фақатгина ҳарбий кучлар билан эмас, балки ўқ-дорилар, гаубицалар, баллистик ракеталар ва бошқа қурол-яроғлар билан ҳам ёрдам бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея ҳарбий хизматчилари жорий йилнинг 9 май куни Москвада СССРнинг фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган парадда иштирок этиши хабар қилинганди.