КХДР аскарлари Украинага қарши урушга жўнатилганини билмаган – WSJ
Олам
−
01 Март 2025 8022 4 дақиқа
Украина фронтига юборилган КХДР аскарлари Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳақида ҳеч нарса билмаган ва улар Жанубий Кореяга қарши жанг қиламиз деб ўйлаган. Бу ҳақда Россия томонида жанг қилган ва 2024 йил январь ойида асирга тушган 21 ёшли Пак ҳамда 26 ёшли Ри “The Wall Street Journal” нашри билан суҳбатда маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, Пак 17 ёшидан бошлаб КХДР армиясида мерган сифатида хизмат қилган бўлиб, 2021 йилда ҳарбий хизматга чақирилган. Шундан бери у оиласини кўрмаган, доимий равишда ҳарбий машғулотлар ёки КХДРнинг турли ҳудудларида йирик қурилиш лойиҳаларида қатнашган.
Пакнинг ота-онаси шифокор ва сотувчи бўлиб, КХДРдаги “имтиёзли синф” вакиллари ҳисобланади. Пак мактабда инглиз тилини ўрганган ва футбол ўйнаган. Унинг айтишича, болалигидан саёҳат қилишни орзу қилган, бироқ бу амалга ошмаслигини тушунган.
2024 йил ноябрь ойида Пак бошқа КХДР аскарлари билан бирга поездда Россиянинг Узоқ Шарқдаги ҳудудларидан бирига олиб борилган. Унинг сўзларига кўра, унга Россия армияси формаси, ҳарбий жиҳозлар ва Россия ҳарбий гувоҳномаси берилган.
“Мен Россияга келаётганимни билмасдим, фақат етиб келганимда тушундим”, дейди у.
Пак ҳарбий тайёргарлик лагерига юборилган. У бу тайёргарликни КХДРда ўқиган машғулотларига ўхшаш деб атайди, аммо асосий фарқ жанг майдонида дронлардан фойдаланиш бўлган. Унинг сўзларига кўра, россиялик инструкторлар корейс тилидан таржимонлар орқали КХДР аскарларига Россия қўшинлари дронлардан қандай фойдаланишини тушунтирган.
Пак ўзининг жанг майдонида эканини фақат Курск вилоятидаги олдинги чизиққа олиб борилганидан кейин тушунган.
“Мен уруш ҳақида фақат эшитган эдим, аммо унга тушиб қолиш мутлақо бошқача нарса экан”, дейди у.
КХДРда “снайпер” бўлиб хизмат қилган Ри эса журналистларга КХДР командирлари томонидан жанубий кореялик аскарлар Украинага ёрдам бераётгани ҳақида айтилган гаплар уни жангга ундаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россияга кетаётганда у “ҳақиқий жанговар тажриба” орттиришни хоҳлаган. Курскда унга Россия ҳудудини “Украина оккупациясидан озод қилиш” амалиётида қатнашиши айтилган.
“Мен Россия менинг ватанимдек жанг қилдим. Негалигини билмайман, лекин мен қўрқмадим”, дейди у.
Пак ва Ри 9 январь куни Курск вилоятида Украина Қуролли кучлари билан бўлган жангда асирга тушган. Пак ва яна 10 нафар КХДР аскари украиналиклар фойдаланаётган йўлни тўсиш учун юборилган. КХДР аскарлари артиллерия ҳужумига учраган. Пак иккала оёғидан жароҳат олиб, беш кун давомида ерда ётган ва Украина аскарлари томонидан топилганидан сўнг омон қолган. Унинг отрядидаги бошқа аскарлар ҳалок бўлган ёки чекинган.
Пакнинг сўзларига кўра, ярадор бўлганидан кейин у ўз жонига қасд қилишни ўйлаган, чунки командирлари душманга тириклайин таслим бўлмасликни буюрган.
“Сиз шундай қилиш керак деб ўйлайсиз. Сиздан бундай қарорни ўзингиз қабул қилишингиз кутилади”, деди у.
WSJ’га кўра, Пак ўзини ўлдиришга улгурмасидан ҳушидан кетган. Украина ҳарбийларининг айтишича, улар унга яқинлашганида у гранатани қўлига олиб, ўзини портлатиш билан таҳдид қилган. Украина шифокорлари гангрена туфайли унинг оёғидаги бир неча бармоқларини кесиб ташлаган.
Ри эса ўша куни оғир аҳволда топилган. У қўли ва жағидан яраланган бўлиб, журналистлар билан гаплашишда қийинчилик чеккан.
КХДР аскарлари ҳозирда Киевда ҳарбий асирлар учун мўлжалланган муассасада сақланмоқда. Улар жароҳатларидан даволанмоқда ва сўроқ қилинмоқда. Жанубий Корея ҳукумати КХДР асирларини қабул қилишга тайёрлигини билдирган, бироқ улар ватанига қайтган тақдирда таъқибга учраши мумкин. Асирлардан бири Жанубий Кореяга кетиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган. Украина ва Жанубий Корея расмийлари бу борада музокаралар олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский бир неча ҳафта давом этган танаффусдан сўнг Шимолий Корея қўшинлари яна Россиянинг Курск вилоятидаги фаол жанговар ҳаракатларга қайтганини айтган эди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Курск яқинидаги жангларда “босқинчиларнинг катта қисми йўқ қилинган – гап юзлаб Россия ва Шимолий Корея аскарлари ҳақида кетмоқда”.
Live
Барчаси