КХДР аскарлари Қримга жойлаштирилиши мумкин
Олам
−
04 Апрель
3977Жорий йилнинг 26 март куни интернетда Шимолий Кореяга тегишли бир нечта “Коксан” оғир артиллерия қурилмалари Қримнинг шимолий қисмига темирйўл орқали олиб кетилаётгани акс этган видео тарқалди. Бу КХДР аскарларининг Украина ҳудудига жойлаштирилишини англатиши мумкин. Бу ҳақда Германиянинг ZDF телеканали хабар берди.
Телеканалга кўра, диаметри 170 мм бўлган ушбу артиллерия қуроллари Россиянинг Курск вилоятидаги жангларда катта роль ўйнаган, сабаби уларнинг зарба радиуси кенг. ZDF маълумотига кўра, Украина бешта “Коксан” қурилмасини дронлар ёрдамида йўқ қилган, бироқ Шимолий Корея Россияга жами 200 та шундай қурилма топширган.
Айни пайтгача Шимолий Корея қўшинлари фақат Курск вилоятида жанговар ҳаракатларда қатнашган. Бироқ бу ҳолат ўзгариши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
“Аммо “Коксан” артиллерия мажмуаларининг Украина ҳудудида мавжудлиги сиёсий жиҳатдан муҳим эскалация – яъни Шимолий Корея қуруқликдаги қўшинларининг Украинада тезкор жанговар жойлаштирилиши эҳтимоли борлигидан далолат беради”, дейилади хабарда.
“Коксан” 40 км гача бўлган масофага зарба бера олади, ракетали снарядлар билан эса 60 км масофани ҳам нишонга олиши мумкин. Журналистларнинг тахминича, агар Россия жанубда Шимолий Корея артиллериясини жойлаштирса, бу Херсон ва Запорожье шаҳарлари учун хавф туғдиради.
КХДРнинг Украина урушидаги иштироки
Шимолий Корея ўтган йил кузида Россияга ҳарбийлар юборган эди. Украина разведкаси маълумотларига кўра, уларнинг сони 10-12 минг киши атрофида бўлган. Улар Курск вилоятидаги жангларда иштирок этмоқда. Йўқотишлар сабабли КХДР қўшинлари вақтинча фронт чизиғидан олиб чиқилган, бироқ кейинчалик Россия уларни яна жангга ташлаган.
ОАВ хабарига кўра, Шимолий Корея Россияга аскар юбориш эвазига Москвадан бир неча турдаги дронларни ишлаб чиқиш учун техник ёрдам олмоқда. Жанубий Корея ҳарбийларининг маълумотларига кўра, январь ва февраль ойларида КХДР Россияга яна тахминан 3 минг аскар юборган.
LiveБарчаси