Киев Курскда “палак ёзмоқда”

Таҳлил

image

Дастлаб 1000, кейинчалик 1150, айни дамда эса 1250 кв км. Украинанинг Россияга тегишли Курск вилоятидаги экспансияси жадал тарзда илгариламоқда. Рақамлар ва кенгликлар ҳажми жуда тез ўзгаряпти. Бир неча суткаларда Украина Қуролли кучлари томонидан эгалланган Россиянинг 82 та аҳоли пункти кўз очиб юмгунча 92 тага ошмоқда. Россия Федерациясининг Халқаро Ҳуқуқ бўйича тан олинган ҳудудий чегараларининг ичида Украина армияси томонидан ҳарбий комендатура қурилиши эса шунчаки ҳаммани лол қолдирди. Дунёнинг иккинчи кучли армияси ва энг йирик ядро арсенали бор дея таърифланадиган мамлакат ҳудудида урушдан олдин ўртамиёна даражадаги армияга эга бўлган Украина қўшинлари ҳозирча шундай ишларни амалга оширмоқда. Қуйида шу ва бошқа воқеликлар, хусусан, Курскда иштаҳаси очилган Сирский, ҳудудий яхлитлиги бузилишига кўз юмаётган Кремль, ҳолатга аралашаётган Лукашенконинг ҳаракатлари ва дунёга нималарнидир исботламоқчи бўлаётган расмий Киев атрофидаги сўнгги жараёнлар ҳақида сўз юритилади.

Унутилган Донбасс ва Курскда иштаҳаси ёпилмаётган Сирский

Курскда янги фронт очилганидан буён фронтдаги икки томон ҳам икки хил минтақада ҳарбий муваффақиятга эришаётганини даъво қилиб келмоқда. Бу орада эса Украина Донбассни маълум муддат ёддан чиқаргандек таассурот қолдирмоқда. Украина Қуролли кучлари Россиянинг ғарбий қисмидаги Курск ҳудудига бостириб кириши тобора кучайиб бораётган бўлса-да, ортда қолган вақт ичида россияликлар Украинанинг шарқида олдинга силжиши кучайгани кузатилди. Улар Покровскнинг асосий транспорт туташувига ўтиб, Донбассда ўз олдига қўйган мақсадига эришишга яқин тургани тахмин қилинмоқда. Бу эса агар расмий Киев Курскка ҳужум қилиш орқали Донбассдаги мудофаа босимини камайтиришни режа қилган бўлса, улар бу борада ўз мақсадига эришмаганини англатади. Аммо Украина расмийлари Курск фронтидан умуман бошқа мақсадлар, хусусан, ҳудудлар ва стратегик нуқталарни қўлга олиш ва уларни бартер қилиш орқали тинчлик музокараларига ўтиришни мақсад қилганини иддао қилиб келяпти. Бироқ нима бўлишидан қатъи назар Донбассдаги сўнгги жараёнлар Украина учун яхши сигнал эмас. Шундай бўлишига қарамай, бугун Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский учун Курск фронти приоритетлигича қолмоқда. Курск ҳудудида Украина кучлари Суджадан сўнг Кореновони эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Бу шаҳарнинг қулаши уларга Россия ҳудудида чуқур илдиз отишга ҳамда Харков ва бошқа шимолий шаҳарларни ҳимоя қилиш учун “буфер зона” қуришга имкон беради. Президент Владимир Зеленский босқиннинг асосий мақсади деб таъкидлаган бундай буфер зона украиналиклар учун катта операцион муваффақият бўлади. Икки томоннинг турли мақсадлари турли муваффақиятларга олиб келади: Киев расмийлари ўзлари назорат қилаётган Россия ҳудудининг квадрат километрларини борган сари ошириб боради, Россия кучлари эса Донбассда одимлашда давом этади. Бироқ кузатувлар шуни кўрсатадики, иккала ҳужум ҳам ҳар хил тезликда содир бўлмоқда. Мутахассисларга кўра, Украинанинг Курск вилоятидаги олға силжиши ҳозирда Россиянинг Донбассдагига қараганда тезроқ ва Украина у ердан чекинишга мажбур бўлиши мумкин бўлса-да, Курскда ўз ортидан қолдириб кетган чуқур “жароҳат излари”, Россия ва унинг репутацияси учун узоқ муддатли “бош оғриқ”га айланади.

Парвойифалак Кремль

Украина армиясининг 2 ярим йиллик фронтдаги қайта тирилиши ва салкам  асрдан буён биронта давлат қўшини бостириб кира олмаган Россия ерларига қадам қўйишга журъат қилиши ва буни аъло даражада бажара олаётгани дунёдаги барча кузатувчиларни ортда қолган икки ҳафтадан буён ҳали ҳам ҳайрат ичида қолдирмоқда. Аммо бундан-да қизиғи шуки, Кремль бу сенсацион воқеликка жуда ҳам босиқ ва сукунатли тарзда ёндашаётгандек туюлмоқда. 6 август куни бошланган оккупацион ҳаракатларга нисбатан Москва Украина билан туташ 3 та маъмурий ҳудудда аксилтеррор режими жорий қилиш, Африка қитъасидан “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг қолган-қутганларини Курскка ташлаш ва ҳудудга ярим йўлда йўқ қилинган “Пятнашка” бригадаси ҳамда жангга кириши билан дарҳол асирга тушган “Ахмат” бўлинмасини юборишдан бошқа айтарли иш қилганича йўқ. Мамлакат Президенти Путиннинг ҳаракатлари эса воқеалар ривожини таҳлил қилиш ва бу борада хулоса беришни янада қийинлаштирди. “Қудратли” ва “буюк” Россия ерларининг маълум қисмида Украина байроғи қад ростлаган бир пайтда Путин ва унинг жамоаси мавзуга умуман алоқадор бўлмаган дипломатик учрашувлар ва мамлакат ичидаги ички ташрифларни канда қилмаяпти. Дастлаб Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашув ўтказган Путин бироз ўтиб Алиев ҳузурига йўл олди. Кейинчалик, Россия раҳбари кеча 20 август оқшомида Чеченистон пойтахти Грознийда кўриниш берди. Ушбу ташрифларнинг парда ортидаги суҳбатларини аниқлаштириш имконсиз, аммо Путиннинг бу ҳаракатлари кўпроқ “Курскда ҳеч нарса бўлмаяпти, ҳаммаси жойида ва хотиржам бўлаверинг” деган кўзбўямачилик учун қилинаётгандек шубҳа уйғотяпти. Аслида Украина аскарлари рус ерларига қадам босган пайтда бутун дунё Путин ва Россиядан жуда жиддий қадамлар кутганди. Оқ уй эса бу борадаги ўз хавотирларини яширмаганди. Бироқ, Москва ҳали ҳануз жим. Шундай бўлишига қарамай, Кремлнинг жуда узоқ йиллик мулозимлари, хусусан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва бошқа расмийлар отдан аллақачон тушиб улгурган бўлса-да, эгарни маҳкам ушлаган. Улар Украина кучлари Россия ҳудудида экан, тинчлик музокаралари ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлашди. Бу каби жумлалар Курскка босқиннинг дастлабки кунларида Владимир Путиннинг ҳам оғзидан янграганди. Хулоса қилиб айтганда, Кремль бу жиддий масалага қўл силташ орқали унинг салмоғини камайтиришга қўлдан келганча ҳаракат қилмоқда. Тўғри, 17 миллион кв км лик улкан ҳудудда бор йўғи 1250 кв км денгиздан томчидек туюлиши табиий. Аммо, гап мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ҳақида кетар экан, минг ёки икки минг кв км тугул, бир қарич ер ҳам жуда жиддий аҳамиятга эга бўлиб, бу зинҳор эътибордан четда қолдириладиган масала эмас. Шундай экан, Курскдаги жараёнлар фонида Путиннинг хотиржамлиги ва Россиянинг заифлигини хаспўшлаш учун қилинаётган барча ҳаракатлар бефойда.

Масалага арашаётган Лукашенко

Охирги пайтларда Россиядаги ҳар қандай зиддиятли вазиятга аралашишни канда қилмай қўйган Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Курскдаги воқеалар фонида яна тилга кирди. У Украина Россиянинг Курск вилоятига бостириб киришидаги жанглар давом этар экан, Киев Беларусь билан чегарасида 120 мингдан ортиқ аскарини жойлаштирганини иддао қилди. Россия Президенти Владимир Путиннинг содиқ ҳамкори Лукашенко ўтган ҳафта сўнгида Минск Украина қўшинларини жойлаштиришга жавобан ўз Қуролли кучларининг деярли учдан бир қисмини бутун чегара бўйлаб жойлаштиргани ҳақида маълум қилди.

“Уларнинг тажовузкор сиёсатини кўриб, биз бутун чегара бўйлаб аскарларимизни жойлаштирдик – уруш бўлса, улар мудофаа бўлади”, дейди Лукашенко.

“Al-Jazeera” мухбири Дорса Жабборийнинг Москвадан берган хабарига кўра, айни дамда Лукашенко Киевдаги амалдорларга Россия томонидан буюртма қилинган жуда жиддий таҳдидларни етказмоқда.

“Лукашенко, агар Украина Беларусга киришга уринса, улар ҳужумга ўтишларини айтди”, дея қўшимча қилди Жаббари.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг “Тhе Military Balance 2022” кўрсаткичларига кўра, Беларусь профессионал армиясида 48 мингга яқин аскар ва 12 мингга яқин давлат чегараси ходимлари бор. Шундай экан, бугун Беларусь ва Украина қўшинлари сони ва сифати ҳақида баҳс-мунозарага умуман ўрин йўқ. Умумий ҳисобдаги 60 минг кишилик ҳарбийлаштирилган таркибнинг учдан бири 20 минг нафарни ташкил этади. Бундай кичик рақам 2 ярим йилдан буён дунёнинг “энг кучли иккинчи армияси” бўлган Россия Қуролли кучларига бўйин эгмай келаётган Украинанинг урушда тобланган армияси учун бир ютумлик луқма бўлиш эҳтимоли юқори.

Украина чегарасида бир сиқим Беларусь аскарларининг тўплагани ва улар урушга тайёрлиги Лукашенко томонидан маълум қилинишидан бир неча кун ўтиб, у ўзининг тўхталавериб чарчамайдиган яна бир масаласи – МДҲнинг Россия соясига қайтиши ҳақидаги чақириқларини яна қайтадан бошлади. Лукашенконинг сўзларига кўра, собиқ иттифоқ мамлакатлари бугун Россияга нисбатан иккиюзламачилик қилмоқда ва ундан фақат ўз мақсадлари йўлида фойдаланяпти. Хавфсизлик ва фавқулодда вазиятлар пайтида МДҲ давлатлари Путиндан албатта ёрдам сўрашга мажбур бўлишини таъкидлаган Александр Лукашенко ўтган даврдаги Қозоғистонда бўлган тартибсизликларни бунга мисол қилиб кўрсатган. 

Киев нимани исботламоқчи?

Экспертлар фикрига кўра, Украина Қуролли кучлари Россия мудофаасини бузиб ўтиши ва Курскдаги ҳудудларни бирин-кетин эгаллаб, бу ҳудудда жуда мустаҳкам жойлашиб олиш орқали ташқи дунё ва ўз фуқаролари учун бир қатор аргументлар тақдим қилишга эришди. Хусусан, чегарадаги муваффақиятли рейд Украина фуқаролари унинг армияси учун жуда катта руҳий озуқа бўлгани айтилмоқда ва Курскдаги мазкур ғалабалар серияси узоқ йиллик умидсизликдан сўнг украинларда урушда зафар қучиш масаласидаги ишончни қайтариши ва мустаҳкамлаши мумкин. Бугун Киевдаги расмийлар ва халқаро кузатувчилар ҳам мудофаа, ҳам ҳужум фронтидаги Сирский бошчилигидаги Украина армияси аскарларининг кайфиятида кескин ўзгариш содир бўлгани ҳақида гапиришмоқда. Аммо бу яхши кайфият ва кучли мотивлар қачонгача сақланиб қолиши ҳақида ҳозирча ҳеч ким аниқ кафолатларни тақдим қила олмайди. Зеро, Украинадаги бу яхши атмосферанинг умри Курскдаги вазиятга ипсиз боғланган.

Шундай бўлишига қарамай, расмий Киев ортда қолган икки ҳафта ичида бутун дунё кўз ўнгида ҳали “тирик” эканлиги ва ғалабага имкониятлари бисёрлигини исботлагандек гўё. Унинг бу тарзда уйғониши ҳатто НАТОни ҳам лол қолдиргани ҳеч кимга сир эмас. Ғарб оммавий ахборот воситалари ортда қолган ҳафталарда Курскдаги ҳарбий операция Европа Иттифоқи, АҚШ ва НАТОнинг Украинага бўлган ишончини маълум даражада қайтаргани ҳақидаги хабарлар ёмғирини тиндирмади. Ҳужумнинг дастлабки кунларида Россиянинг жиддий ва ҳалокатли жавоби ҳақидаги қўрқув ва тахминлар вақт ўтиши билан ўзини оқламади ва бу вазиятни Украина фойдасига ҳал бўлишини янада мустаҳкамлади. Россия кучларининг пассив жавобларидан сўнг, жорий йил баҳор фаслининг охири ва ёзнинг дастлабки кунларида Ғарб давлатлари томонидан ўз қуролларининг Украина ҳудудида қўлланилишига рухсат берган давлатлар яна жонланди ва айни дамда уларнинг сафи ҳам кенгайиши мумкин.  Бундан ташқари, Сирский ва Зеленский тандеми 20 йилдан буён давом этиб келаётган Россия ва Путиннинг ядро шантажлари шунчаки қуруқ сафсата эканлигини ҳам исботлашга эришди. Украина Қуролли кучлари Россия ядро доктринасига кўра, мамлакат ихтиёридаги ушбу оммавий қирғин қуролининг фаоллашиши учун асос бўладиган бир неча сабабларни тақдим қилишга улгурди. Жумладан, Курскка ҳужум қилиш орқали Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузди. Бунга қўшимча тарзда Липецкдаги авиабазани деярли йўқ қилди ва бир неча кунда амалга оширилган ушбу ҳаракатлар орқали ядро доктринасини жуда қаттиқ силкитилди. Бироқ, ҳамма кутган ва ҳайиққан воқеа рўй бермади ва катта эҳтимол билан рўй бермайди ҳам. Айрим сиёсатшуносларнинг фикрича, ядро қуролининг ишга туширилиши кўп эҳтимол Путиннинг Кремлдаги сўнгги қарори бўлиши мумкин.

Украинанинг эса Курскдаги ғалабали сериялари ҳозирча давом этяпти…….


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Россия Владимир Путин Украина Владимир Зеленский Александр Лукашенко Курск Александр Сирский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made