Киевга ёрдамнинг кечиктирилиши Путин учун совға бўлади – Байден
Олам
−
13 Декабрь 2023
8444АҚШ Конгресси Украинага қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятини йўқотиши мумкин. Бу ҳақда Америка Президенти Жо Байден кеча, 12 декабрь куни украиналик мавқедоши Владимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Байденнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар "Украинани имкон қадар узоқ вақт давомида муҳим қурол ва жиҳозлар билан таъминлашда давом этади". Шу билан бирга, у АҚШнинг Украинага ёрдам кўрсатиш қобилияти пасайиб бораётганини билдирди.
“Қўшимча маблағларсиз биз Украинага фавқулодда оператив эҳтиёжларни ҳал қилишда ёрдам бериш имкониятимизни тезда тугатамиз”, дейди Президент.
Оқ уй раҳбари Зеленский билан учрашувда агар Конгресс қўшимча маблағни тасдиқлашга улгурмаса, бу Владимир Путин учун “энг катта Янги йил совғаси” бўлишини айтди.
Владимир Зеленский эса Киевга ёрдам бериш учун қўшимча маблағ ажратиш бўйича ҳалигача келишувга эришилмаганига қарамай, Оқ уй ва АҚШ Конгресси томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳис қилишини айтди. У, шунингдек, Украина "музлатилган Россия активлари билан тезроқ ишлаши" кераклигини таъкидлади. Бу 300 миллиард доллардан ошади.
"Биз улардан ўзимизни Россия терроридан ҳимоя қилиш учун фойдаланишимиз керак", деган Украина раҳбари.
Шунингдек, Зеленский Оқ уйда Украинанинг 2024 йилга мўлжалланган мақсадларини эълон қилди. Бу мақсадлар – Россияни ҳаво устунлигидан маҳрум қилиш ва уларнинг ҳужум операцияларини тўхтатиш. Шунингдек, Зеленский тегишли саволга жавоб берар экан, можарони ҳал қилиш учун ҳеч қандай ҳудудий ён бериш мумкин эмаслигини қайд этган.
Зеленскийнинг ташрифи АҚШ Конгрессидаги демократлар ва республикачилар ўртасида Украинага кейинги молиявий ёрдам бўйича келишмовчиликлар фонида бўлиб ўтди. Байден маъмурияти икки ойдан кўпроқ вақт давомида хавфсизлик харажатлари учун 106 миллиард долларни, жумладан Украинага 61,4 миллиард доллар ва Исроилга 14,3 миллиард долларни тезда ажратишга интилмоқда. Оқ уйнинг таъкидлашича, Киевга ёрдам 2023 йил охиригача тасдиқланиши керак, чунки аввал ўтказилган пуллар деярли йўқ бўлиб кетган. Республикачилар қонун лойиҳасини қабул қилишдан бош тортмоқда. Бунинг ўрнига улар бошқа масалаларда имтиёзлар беришни, хусусан, иммиграция сиёсатини кучайтириш ва АҚШнинг жанубий чегарасида хавфсизликни таъминлашни талаб қилмоқда.
Республикачилар етакчиси Митч МакКоннеллнинг айтишича, Конгресс молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни келаси йилга кечиктириши мумкин. Унинг фикрича, Янги йил олдидан Украинага ёрдам ва чегара хавфсизлигини таъминлаш учун маблағ ажратишни маъқуллаш "деярли имконсиз".
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 200 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса АҚШ Президенти томонидан тасдиқланган янги ҳарбий ёрдам пакети, агар АҚШ Конгресси Киев эҳтиёжлари учун қўшимча маблағ ажратишга рози бўлмаса, охирги пакетлардан бири бўлиши мумкинлигини айтди.
LiveБарчаси