Киевга дрон ҳужуми уюштирилди
Олам
−
22 Декабрь 2023
5788Бугун, 22 декабрга ўтар кечаси Киевда ҳаво ҳужуми сигнализацияси эшитилди, ҳаво мудофааси ишлади, шундан сўнг дрон қолдиқлари қулаши оқибатида шаҳарнинг Соломенский туманидаги тураржой биносининг юқори қаватида ёнғин содир бўлди. Дарницкий туманидаги қисман қурилиши тугалланмаган уйга ҳам дрон қолдиқлари тушди. Бу ҳақда Киев мэри Виталий Кличко маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Украина пойтахтининг Соломенский туманида дрон қолдиқлари тураржой биносига урилиши оқибатида 24, 25 ва 26-қаватлар орасидаги юк кўтарувчи деворлар қисман вайрон бўлган. Квартиралардан бирида ёнғин содир бўлган. Кўп қаватли уйнинг жабрланган бир фуқароси шифокорлар томонидан шифохонага ётқизилган, яна бирига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Дарницкий туманида эса ёнғин чиққан бино ўчирилган, қурбонлар йўқ.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, дрон қолдиқлари қулаши Киевнинг Голосеевский туманида ҳам қайд этилган, жабрланганлар йўқ. Украинанинг бошқа айрим ҳудудларида ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган.
Айни пайтда, Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Киевга Shahed типидаги учувчисиз самолётлар томонидан уюштирилган рейд оқибатида у ерда рафиқаси ва икки нафар боласи билан бирга яшаган "Бирлашган янгиликлар" телемарафонининг бошловчиси Андрей Ковалскийнинг квартираси вайрон қилинган.
Журналистнинг дўстлари томонидан Facebook'га жойланган суратларда тураржой биносининг юқори қаватларига жиддий зарар етгани, шунингдек, синган деразалар ва шрапнел ва вайроналар билан тўлдирилган хоналар кўрсатилган.
Бир кун олдин, 21 декабрь куни Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари россияликлар Украинага 35 та Shahed типидаги дрон билан ҳужум қилгани, улардан 34 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўша кечада Киев, Днепропетровск, Винница, Черкаси, Херсон, Запорожье, Николаев, Хмельницкий, Суми, Полтава, Чернигов ва Кировоград вилоятларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 декабрга ўтар кечаси Россия Украинага учувчисиз самолётлар ва С-300 ракеталари билан ҳужум қилганди. Россиянинг 42 та Shahed-131/136 дронлари уч йўналишдан – аннексия қилинган Қримдаги Балаклава ва Чауда ҳамда Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасидаги Приморско-Ахтарскдан учирилган. Уларнинг деярли барчаси (биттаси бундан мустасно) уриб туширилган.