Киев Россияга зарба бериш учун аллақачон Ғарб қуролларидан фойдаланган – ОАВ
Олам
−
29 Май
5445Украина Қуролли кучлари Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун бир неча бор Ғарб давлатлари етказиб берган қуроллардан фойдаланган. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “France Presse” хабар берди.
Қайд этилишича, Украина Қуролли кучлари охирги марта Краснодар яқинидаги нишонларга Ғарб қуроллари билан ҳужум қилган. Агентлик манбалари гап қайси буюмлар ва қуроллар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.
Бир кун олдин Германиянинг “Bild” газетаси ҳам манбасига таяниб, Украина ҳарбийлари Россия самолётларига қарши камида бир марта Германиядан юборилган Американинг Patriot тизимидан фойдалангани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг, Германия ва Қўшма Штатлар, агар бу ҳолат яна такрорланса, етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилган.
Украина ҳукумати узоқ вақтдан буён иттифоқчилар томонидан етказиб берилган қурол-яроғ билан Россиядаги ҳарбий объектларга зарба бериш учун рухсат олишга ҳаракат қилмоқда. Сўнгги пайтларда кўплаб Ғарб сиёсатчилари ҳам Украина Қуролли кучларига бундай зарбаларни амалга оширишга рухсат беришга чақирмоқда.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг ҳамкор давлатларини Россия ҳудудидаги нишонларга зарба беришда ўз қуролларидан фойдаланишга қўйилган тақиқни бекор қилишни таклиф қилди.
“Украинага Россия ҳудудидаги қонуний ҳарбий нишонларга қарши ушбу қуроллардан фойдаланишни тақиқлаш унинг мудофаа ишларини жуда қийинлаштиради”, дейди Столтенберг.
Европа дипломатияси раҳбари Жозеф Боррель эса Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудидаги нишонларга уюштирган ҳужумларини, агар бу ҳужумлар мутаносиб бўлса, қонуний деб билишини айтди.
“The New York Times” газетасининг ёзишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен яқинда Киевга қилган ташрифидан сўнг ўз позициясини ўзгартирган ва энди украиналик ҳарбийларга Америка қуроллари ёрдамида Россиядаги нишонларга зарба беришга рухсат бериш тарафдори.
Шу билан бирга, Оқ уйнинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда. Умумий қарашга кўра, етказиб берилган қуроллар Россия ҳудудида ҳужум операциялари учун эмас, балки мудофаа учун мўлжалланган.
Энг узоқ масофага учувчи ракеталар эса Украинага уч мамлакат – АҚШ, Буюк Британия ва Франция томонидан етказиб берилган ракеталардир. Ҳозирча ушбу ракеталарнинг Россиянинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудидаги объектларга нисбатан қўллангани ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Аввалроқ Италия ва Испания Россияга зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга қарши чиққан эди.
Ўз навбатида, Россия ҳукумати Украина ҳарбийларининг Россия ҳудудига ёки Украинанинг босиб олинган ҳудудларига ҳар қандай ҳужумларини "терроризм" деб атайди.
LiveБарчаси