Киев Бразилияни Путинни ҳибсга олишга чақирди
Олам
−
19 Октябрь
9983Украина Бош прокурори Андрей Костин Бразилия расмийларидан Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг ноябрь ойида Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок этса, уни ҳибсга олишни сўради. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Путиннинг G20 саммитига келиши Халқаро жиноий суд Россия Президентини ҳибсга олишга ордер бергани сабабли бу давлат раҳбариятига муаммолар туғдириши мумкин.
Костин “Reuters” агентлигига берган интервьюсида Путиннинг саммитда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида маълумот олгани ва Бразилия Халқаро жиноий суд юрисдикцияси остидаги давлат сифатида унга нисбатан берилган ордерни бажариши кераклигини айтган. Костиннинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият бирлашиши ва Путинни жавобгарликка тортиши жуда муҳимдир.
“Путиннинг Бразилияда бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ ҳолда, Бразилия расмийлари Рим статутига аъзо давлат сифатида, агар Путин у ерга боришга журъат этса, уни ҳибсга олишга мажбур эканлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Бразилия демократик ва ҳуқуқий давлат мақомини тасдиқлаган ҳолда, уни ҳибсга олишига чин дилдан умид қиламан”, деган Украина Бош прокурори.
Агентликнинг Бразилия ҳукуматидаги икки манбаси Россия Президентига саммитда қатнашиш учун стандарт таклифнома юборилганини айтган. Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, Путин тадбирда иштирок этишни режалаштираётганини ҳали тасдиқлагани йўқ. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса бу борада расмий маълумот берилишини айтган.
Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва 2023 йилнинг кузида Путин давлат раҳбари лавозимини эгаллаб туриб, Бразилия ҳудудига хавфсиз ташриф буюриши мумкинлигини айтганди. У ўз мамлакати Халқаро жиноий суд олдидаги мажбуриятларига қарамай, Россия раҳбари Бразилияда ҳибсга олинмаслигига очиқ ваъда берганди. Кейинроқ Лула да Силва аниқлик киритишича, Путиннинг ҳибсга олиниши мумкинлиги ҳақидаги қарорни ҳукумат эмас, суд қабул қилади. Апрель ойида эса Бразилия Рим низомида иштирок этмайдиган давлат раҳбарлари учун иммунитет жорий этиш тарафдорлигини билдирганди.
Сентябрь ойида Путин Мўғулистонга расмий ташриф билан борган, у ҳам 2002 йилдан бери IСС юрисдикцияси остида. Сафар олдидан Киев Улан-Баторни Россия Президентини ҳибсга олишга чақирди. Шу билан бирга, “Bloomberg” манбаларига таяниб, Россия етакчисига Мўғулистон ҳудудида дахлсизлик кафолатланганини ёзди.
Путиннинг Мўғулистонга ташрифи якунлангач, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Мўғулистон Ташқи ишлар вазирлигининг Европа ва Африка департаменти раҳбари Ганхурай Баттунгалагга демарш эълон қилди. Ўз навбатида, Мўғулистон ҳукумати Россия Президентини IСС буйруғи билан ҳибсга олишдан бош тортишини энергияга қарамлик ва бетарафлик сиёсати билан изоҳлади. Мўғулистон ҳукумати вакили мамлакатга нефть маҳсулотларининг 95 фоизи ва электр энергиясининг 20 фоиздан ортиғи қўшни давлатлардан импорт қилинишини қайд этди.
10 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги Рим статутини имзоламаган Туркманистон расмийларига Путинни ҳибсга олиш тўғрисида мурожаат эълон қилди. Эртаси куни Россия Президенти бу давлатга расмий ташриф билан келди.