Кировда Ўзбекистон билан савдо маркази ташкил этилади
Жамият
−
20 Июль 2023
4947Россиянинг Киров вилояти ҳокимияти Ўзбекистон билан савдо марказини яратиш учун ер танламоқчи. Бу ҳақда Киров ҳукумати раиси ўринбосари Михаил Сандалов маълум қилди.
Кеча, 19 июль куни Киров губернатори Александр Соколов ва Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консули Фариддин Насриев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“Осиё билан савдо алоқаларини кенгайтириш мақсадида биз Ўзбекистон билан энг йирик савдо марказини яратиш учун ер участкасини танлаяпмиз. Бизда Лянгасовода Евросиёдаги энг катта темир йўл саралаш станцияси бор, биздан шимолга йўл бор. Биз сабзавотларни Коми Республикасига етказиб берилишини кутмоқдамиз”, дейди Сандалов.
Аммо у лойиҳани амалга ошириш муддати ва сармоя миқдорини ошкор қилмаган.
Киров вилояти раҳбари минтақанинг логистика нуқтаи назаридан қулай жойлашувини қайд этиб ўтган.
"Бир томондан, минтақа Транс-Сибир темир йўлида жойлашган, бошқа томондан, шимолга йўл бор: биз орқали Осиёдан Оқ денгизга тўғридан-тўғри йўл", дейди Соколов.
Шунингдек, у Киров вилояти ва Ўзбекистон ишончли ҳамкор эканини урғулаган.
“Биз Ўзбекистонни барқарор, ҳурматли ҳамкор сифатида биламиз, товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда, ўзбек маданиятига қизиқиш бор. Ҳамкорликни кўпайтириш, уни ҳақиқий ишлар ва лойиҳалар билан мустаҳкамлаш учун барча асослар бор. Бизда ёғоч, машинасозлик, кимё соҳалари бор. Бу ўзбекистонлик ҳамкорларни қизиқтиради”, дейди у.
Фариддин Насриевнинг айтишича, ўтган йили Ўзбекистон ва Киров вилояти ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 30 миллион долларни ташкил қилган.
“Биз Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик қилиш истагини кўрдик, яқин келажакда видеоконференсалоқа форматида сессия ўтказишга келишиб олдик ва тадбиркорларни Ўзбекистондаги форумга таклиф қилдик. Бундан ташқари, биз Киров вилоятида таҳсил олаётган талабалар билан учрашдик ва университет билан улар кўпроқ талабаларни қабул қилишга тайёр эканликларини келишиб олдик”, дейди Насриев.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик
Киров вилояти ҳукумати маълумотларига кўра, Ўзбекистон минтақанинг энг йирик савдо ҳамкорларидан ҳисобланади. Ўтган йил натижаларига кўра, республика Киров вилоятининг ташқи савдо айланмаси бўйича МДҲ давлатлари орасида учинчи ўринни эгаллади.
Йил давомида товар айирбошлаш 46,8 фоизга, экспорт ҳажми 54 фоизга ошди. Экспортнинг товар таркибида ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, кўмир, алюминий, қора металлар, пластмасса ва улардан тайёрланган буюмлар устунлик қилади.
Товарлар импортида тикувчилик, трикотаж газламалар, пахта етакчи ўринни эгаллайди.
Киров вилоятининг Ўзбекистон билан гуманитар ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланмоқда. Вилоят олий ўқув юртлари Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан бешта ҳамкорлик шартномаси тузиб, қўшма таълим дастурларини амалга оширмоқда. Илмий-тадқиқот ва илмий-амалий анжуманлар ўтказмоқда, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг амалиёт ўташларини ташкил этмоқда. Киров вилояти олий ўқув юртларида Ўзбекистон Республикасидан 95 нафар талаба таҳсил олмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь