Кимларга кредит таътили берилади ва у ўзи нима?
Таҳлил
−
06 Апрель 2020
22774Жорий йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш мақсад қилинди. Унда Марказий банк зиммасига айрим юридик ва жисмоний шахслар учун шарт-шароитлар яратиш ва тартиб-таомилларни соддалаштириш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
Унга кўра, эндиликда тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларга 2020 йил 1 октябргача кредит таътиллари берилади.
Кредит таътили ўзи нима?
Кредит таътили бу – банк томонидан мижознинг (жисмоний ёки юридик шахс бўлган қарздор тараф) молиявий ҳолати ёмонлашгани ва бошқа сабабларни (хизмат сафарига жўнатилиши, бирор касаллик билан касалланиши ва бошқалар) ҳисобга олиб, олган кредитининг тўлаш мажбуриятини маълум вақтга кечиктиришга айтилади.
Мисол учун, мижоз банкдан 100 миллион сўмлик кредит олди. Банкка ҳар ойда 4 миллион сўмдан (шундан 600 минг сўм фоизлар) тўлов қилиб борган. Амалдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, банк мижозга 3 ой — июнь, июль, августь ойлари учун кредитнинг асосий қарзини (ёки фоизларини ҳам) тўламай туришга вақт бериши мумкин. 3 ой давомида тўланиши керак бўлган қарздорлик (10,2 млн. сўм асосий қарз ва 1 миллион 800 минг сўм фоизлар) ёки кейинги муддат давомидаги уч ойга сурилади ёки шу уч ойлик тўловлар кейинги ойларга тенг тақсимлаб бўлиб юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида:
“Битта корхона фаолиятини тўхтатишига ҳам “фавқулодда ҳолат” деб қаралиши керак. Чунки бу корхоналар қанчадан-қанча иш ўринлари ва оилалар даромадини таъминламоқда. Йил бошида барча ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириши бўйича мурожаат қабул қилиб, катта марраларни белгилаб олган эдик. Ҳозир синов даври. Қайси ҳоким ҳисоб-китобини жой-жойига қўйиб, ички резерв, яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланса, бу марраларга, албатта, эришади. Тадбиркорларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, мушкулини осон қилиш ва барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳозирги пайтда ҳар доимгидан ҳам муҳим”, деб айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 390 нафарга етди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганларнинг 30 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси