Ким ўзи у Путин жаноблари? Халоскор ёки диктатор, балки Американинг қўғирчоғидир? (2-қисм)

Таҳлил 51370
image

Кеча, 7 май куни Россия давлат раҳбари Владимир Владимирович Путиннинг президентлик вазифасига киришганига 21 йил тўлди. Шу муносабат билан QALAMPIR.UZ’да бу сиёсий фигуранинг шаклланиш тарихи ва шахсига оид мақола эълон қилинди.

Унда Путиннинг Самарқанд шаҳрида туғилгани ҳақидаги миш-мишлар ва Германияда разведчиклик қилгани ҳамда киракашлик ортидан рўзғор тебратиш тўғрисида ўйлаб юргани, шундан 3 йил ўтар-ўтмас энг йирик давлат Президентига айлангани борасида батафсил маълумот берилган.

QALAMPIR.UZ’нинг бугунги мақоласида ушбу мавзунинг мантиқий давоми сифатида Президент Путиннинг 21 йиллик сиёсий фаолияти ва ундаги ўнқир-чўнқирлар ҳақида сўз боради. Шу ўринда, унинг Иккинчи Чеченистон урушидаги ҳаракатлари, Доғистоннинг халоскорига айлангани, сиёсий рақобатчиларига қарши кураши ва мамлакат конститциясига киритилган ўзгартиришлар ҳамда “Путин – Американинг қўғирчоғи” қабилидаги фикрларга тўхтаб ўтилади.

Чеченистондаги уруш

1999 йилда лавозимини муддатидан олдин тарк этган Россиянинг биринчи Президенти Борис Ельцин ёш Путинга иқтисодиёти нураган, бир қисмида уруш бошланган ва ҳатто пойтахтида ҳам терактлар содир бўлаётган Россияни қолдирди. Путин Россия Президенти вазифасини бажарувчига айланганида мамлакатнинг шундоққина биқинада, аниқроғи Чеченистонда уруш бўлаётган эди. Бу тарихда Иккинчи Чеченистон уруши номи билан қолган. Уруш бошланишига эса ҳарбий террорчиларнинг Чеченистон ҳудудидан қўшни Доғистонга бостириб киргани сабаб бўлган. Террорчилар у ерда Доғистон Ислом Республикасини ҳам тузишга улгурган эди.

Путин ҳарбий ҳаракатлар авжида бўлган Доғистонга 1999 йилнинг август ойида ташриф буюрди. У билан бирга ҳозирда Россия Миллий гвардия федерал хизматининг директори Виктор Золотов, мамлакат Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам келган ва бутун сафар чоғида Путинни қўриқлаб, унга ҳамроҳлик қилган.

Фото: Владимир Путин ва Виктор Золотов

Путин йиғилган маҳаллий аҳоли ва ҳарбийлар орасида нутқ сўзлаб, Доғистонни Россия шундай оғир аҳволда ташлаб қўймаслигини маълум қилди. Террористларга қарши жангда фаоллик кўрсатган доғистолик ўғлонларнинг барчаси ўша учрашувнинг ўзидаёқ Путин томонидан медаллар билан тақдирланди.

Путининнг Доғистонга ташрифи чоғида дастурхон безатилди ва жангариларга қарши курашда ҳалок бўлганлар шарафига қадаҳ кўтариш таклиф қилинди. Путин бу вазиятда ўзгача йўл тутди ва шундай деди:

“Ярадорларнинг соғлиғи учун қадаҳ кўтармоқчиман. Лекин бизнинг олдимизда муаммолар кўп ва катта вазифалар турибди. Буни яхши биласиз. Сизлар душман нимани режа қилгани ва нимага қодирлигидан ҳам хабардорсиз, шундай экан бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Агар ҳозир бўшашсак, Ватан ҳимояси учун жон берганларнинг уринишлари бекор кетган бўлади.

Мен сизларга ушбу бакалларни жойига қўйишни таклиф қиламан. Аввал ишни қилайлик кейин, албатта, ичамиз.”

Бу хатти-ҳаракатлар Путинни ўраб турган ҳарбийлар ва доғистонликлар орасида илиқ фикр уйғотди. Путиннинг мақсади эса Доғистон ва Чеченистонни террористлардан озод қилиш ҳамда бу икки республикани Россия таркибида сақлаб қолиш эди ва якунда шундай ҳам бўлди. Асосий ҳарбий ҳаракатлар 2000 йилнинг баҳорига келиб анча тинчиди. Ельцин даврида ўрнатилган “Террористларга қарши кураш операцияси” режими ҳам кейинроқ бекор қилинди.

Россиянинг оёққа туриши 

Путиннинг 2000-2008-йиллардаги президентлик даврида амалга оширган иқтисодий ислоҳотларни сарҳисоб қилган АҚШнинг “The Wall Street Journal” нашри қуйидагича хулоса берди:

“Мамлакат иқтисодиёти нафақат ўтган асрнинг 90-йилларида йўқотилган ўрнига қайтди, балки шўролар даврида амалда мавжуд бўлмаган хизмат кўрсатиш соҳасини яратди. Шу ўринда, Россиянинг валюта захираси Хитой ва Япониядан кейин учинчи ўринга кўтарилди”. 

2008 йил март ойида Жаҳон банкининг Россия бўйича бош иқтисодчиси халқаро молия инқирози фонида жаҳон иқтисодий ўсишининг пасайиши кузатилаётганда мамлакат яхши натижалар кўрсатаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Россияни дунёдаги иқтисодий барқарорлик “орол”ларидан бири деб ҳисоблаш мумкин ва бу макроиқтисодий сиёсат, ички талабнинг ўсиши, тўпланган валюта захираларининг даражасини акс эттиради.

Сиёсий рақобатчиларига қарши кураш

Ер сайёрасининг энг йирик давлатига раҳбар бўлади-ю, душмани бўлмайдими. Россия Президентининг рақиблари кўп ва бу табиий. Уларнинг орасида Путиннинг лавозимига кўз тиккан, танқид қилган ва мамлакат президентлиги учун пойгада унга қаршилик кўрсатган фигуралар, турли хил олигархлар, ташқи кучлар ва “парда ортида турган” элита бор эди.

Михаил Ходорковский. У ҳозирги кунда Буюк Британия пойтахти Лондонда яшайди. Ходорковский ўз вақтида Россиянинг энг бой одами бўлган. У айнан ўша даврда Путин билан “сен-менга борган”.

Фото: Владимир Путин ва Михаил Ходорковский

2003 йил февраль ойи. Президент Путин мамлакатнинг энг йирик тадбиркорлари билан учрашув ўтказди. Ишбилармонлар орасида, табиийки Ходорковский ҳам бор эди. Икки ўртадаги конфликт айнан шу учрашувда бошланди.

“Мамлакатда коррупция авжида ва бу айнан ҳукуматдан бошланади. Жиноятга ботган тизимни ислоҳ қилиш учун, сизнинг бюрократиянгизни ўзгартириш керак. Амалдорларингиз бўлса нафақат пора олади, балки талаб ҳам қилади”, деган эди учрашувда сўзга чиққан Ходорковский Путиннинг кўзларига қараб.

Орадан бир неча ой ўтиб Ходорковский ҳибсга олинди ва солиқларни тўламаганликда ҳамда фирибгарликда айбланиб қамалди. Орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтиб у озод қилинди ва дарҳол мамлакатни тарк этди.

Борис Немцов. У Россиянинг биринчи Президенти Борис Ельцин даврида Бош вазир ўринбосари бўлган. Ўша вақтлар сиёсий элита орасида Немцов Ельциннинг давомчисига айланади, деган гаплар ҳам юрарди. Хусасан, Ельциннинг ўзи ҳам буни бир неча бор такрорлаган. Якунда эса Немцов эмас Путин Россия президентлигига лойиқ кўрилди.

Владимир Путин ҳокимиятга келганидан кейин, Немцов аста-секин мухолифат позициясига ўтди. 90-йилларда ҳокимиятга яқин бўлган бошқа кўплаб “қаҳрамонлар”дан фарқли ўлароқ, Немцов Путин таъсири остидаги янги авторитаризмга қўшилишга ҳаракат қилмади. Сиёсатчи 2000-йилларда берган интервьюсида Путиннинг якка ҳокимлиги кучайиб кетишидан қўрқиш кераклиги ва нима учун мамлакат шу шароитда ривожлана олмаслиги ҳақида гапирган.

Кейинги йилларда Немцов Путиннинг ашаддий танқидчиси ва унга қарши мухолифатчи бўлиб шаклланди. Охир-оқибат у 2015 йилнинг февраль ойида нақд Кремль олдида отиб ташланди.

Алексей Навальний. У бугунги кунда Россия мухолифати етакчиси ва ҳозирда панжара ортида. Путиннинг сиёсий душманлари орасида, айнан, Навальний унга кўп бош оғриқ бўлган. Ўтган йиллар давомида Алексей Коррупцияга қарши фондга асос солиб, атрофига кучли жамоа тўплади. Ушбу команда билан бир қатор суриштирув ишларини олиб бориб, Путин атрофига қурилган кўплаб коррупцион схемалар ҳақида ҳужжатли фильмлар олди ва Кремль кирдикорларини очиб ташлади.

2020 йилда эса Навальний “Новичок” кимёвий-ҳарбий моддаси билан заҳарланди ва ўлишига ҳам бир бахя қолди. Ўзининг сўзларига кўра, уни айнан Путиннинг кўрсатмаси билан заҳарлашган. Омон қолган Навальний Германияда даволаниб, Ватани Россияга қайтди ва ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳибсга олинди. Кейинроқ, “Ив Роше” компаниясининг пулларини ўзлаштиришда айбланиб 3,5 йилга қамалди.

Россиянинг “империалистик” ҳаракатлари

Ўзбекистонлик сиёсатшунос, ҳозирги кунда Францияда истиқомат қилаётган Камолиддин Раббимов Путинни “империалист”, яъни бошқа мамлакат ҳудудларини эгаллаб олиш ва уларнинг устидан сиёсий ёки иқтисодий назорат ўрнатиш учун ҳарбий куч ишлатишга интилувчи сиёсатчи, деб тарифлаган.

“Путин – империалист, у ҳокимиятга келиши билан СССР парчаланишини “ХХ асрнинг энг катта фожиаси” сифатида таърифлаган эди. Путинни барча геосиёсий интилишлари асосида собиқ иттифоқ ҳудудларини назорат қилиш, ҳар хил интеграцион лойиҳаларни амалга ошириш бор”, деб ёзади у.

Раббимовнинг фикрларини буткул инкор қилиш имконсиз. Негаки 2014 йилда Украинада бошланган тартибсизликлар вақтида Россия Қрим оролини аннексия қилди.

Путин Американинг қўғирчоғи

Сиёсий билимга эга инсонлар билан биргаликда, Путиннинг президентлик фаолиятидан норози бўлган зиёлилар орасида у ҳақида дадил айтилган ғалати фикрлар ҳам юради. Таъкидланишича, Путин АҚШнинг қўғирчоғи, Марказий разведка бошқармасининг одами.

“Путиннинг Россияни заифлаштириш учун йўлланган Марказий разведка бошқармаси агенти экани борасидаги фитна назарияси янги далиллар орқали янада бойиши мумкин. Кремль дастлаб маданий ва сиёсий жиҳатдан бўлиниб кетган Украинани бирлаштириш учун ўз саъй-ҳаракатларини амалга оширди ва оқибатда мамлакатни Россиянинг биринчи рақамли душманига айлантирди. Айнан Путин учун Украинанинг ягона миллий давлат сифатида бирлашиши жуда зарур эди. Кремльнинг бутунлай тушкун аҳволдаги Лукашенкони қўллаб-қувватлашга ўтиши илгари Россияга содиқ бўлган беларусларнинг эндиликда ундан ҳафсаласи пир бўлишига олиб келади”, дея ёзмоқда Иқтисодий ривожланиш марказининг директори Юлий Юсупов.

Шунга ўхшаш фикрни сиёсий фанлар доктори, 2003-2007-йилларда Россия Давлат Думасининг депутати бўлган Андрей Савельёв ҳам айтган.

“Путин Россия тарихидаги энг америкапараст ҳукмдордир. У мамлакат давлатчилигини безакка, бошқарув тизимини эса аҳолини талон-тарож қилиш механизмига айлантирган жаҳон олигархияси учун энг мақбул ва фойдали бўлган сиёсий арбоб”, дейди у.

Балки юқоридаги фикрларга етарлича асос бордир, чунки Путин даврида бир қатор ҳудудлар: 2005 йилда Россия таркибидаги 337 км² катталигидаги ҳудуд Хитойга, 2010 йилда Россия назоратидаги 87 500 км² бўлган денгиз сувлари Норвегияга ўтиб кетган. Бундан ташқари, Путин – АҚШнинг қўлидаги қўғирчоқ, деб ҳисобловчилар Россиянинг санкцияларга ботгани, иқтисодиёти ҳам ҳавас қилар даражада эмаслиги ҳамда мамлакатда коррупция авж олганини 21 йиллик Президентнинг “меҳнатлари” билан боғлайди.

Конституцияга киритилган ўзгартиришлар

Путин президентлигининг илк йилларида мамлакат бош қомуси – Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақида фикр билдирилса, у бунга дарҳол қарши чиқарди. Лекин вақт ўтиб, “тахт”га қулайроқ жойлашиб олган Путиннинг бу борада фикрлари ҳам ўзгарди.

Жумладан, у 2001, 2003 ва 2005 йилларда Конституция ҳақида “ҳеч нарсани ўзгартирмаймиз”, деган бўлса, 2007 йилга келиб “ҳа, бирор нарсани ўзгартирса бўлади”, деган.

Шу билан 2008 йилда Россия Контституциясига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, мамлакат Президентининг ваколатлари кенгайтирилди. 

2013 йилга келиб, Путин ушбу бош қонунга ўзгартириш киритиш борасида янада дадилроқ гапиришни бошлади:

“Ўзгартириш мумкин ва буни қилиш керак”.

Шу йили Россия президентлигига 3-марта сайланган Путин мамлакат конституциясига ўзгартириш киритди. Энди у прокурорларни тайинлаш ваколатига эга бўлди.

2014 йилда Конституцияга киритилган навбатдаги ўзгартиришга кўра, Президент мамлакат Хавфсизлик Кенгашига Россия Федерациясининг вакилини тайинлаш ваколатини олди.

Энг йирик ўзгартириш ўтган 2020 йилда амалга оширилди. Унга кўра, Путиннинг мамлакат раҳбарлигидаги фаолияти ноллаштирилди ва энди у 2036 йилга қадар Россияни бошқариш имкониятига эгаб бўлди. Ушбу мамлакатда кейинги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтади ва агар яна Путин ғалаба қозонса, бу ҳисоб бўйича бешинчиси бўлади.

Путиннинг сиёсий рақиблари шунчаки, мамлакатни тарк этса, мухолифатчилар ўлдирилса ёки қамалса, мамлакатда сўз эркинлиги мавжуд бўлмаса, инсон ҳуқуқлари топталса, истаганча Конституцияга ўзгартириш киритиб, 20 йиллаб мамлакатни бошқарса, бу диктатура бўлмай нима?

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1038
Рейтинг: 3
t
×