Ким ўзи у Путин жаноблари? Президент ёки самарқандлик киракаш? (1-қисм)
Таҳлил
−
07 Май 2021
94276Ўтган асрнинг 90-йиллар охири. Россиянинг биринчи Президенти Ельцин истеъфо бериш ҳаракатига тушиб қолди. Бунга етарли сабаблар пайдо бўлганди. Мамлакат парламент комиссияси унга қарши бир неча пунктдан иборат айбловлар ҳужжатини шакллантириб қўйди. Бу айбловлар ўз ичига СССРнинг қулагани, мамлакат мудофаа қобилятини йўқотгани, Чеченистонда уруш бошлангани, мамлакат Олий Кенгашини тарқатиб юборгани учун жавобгарликка тортиш каби бандларни оларди.
Ельцин ўзига ворис танлаши керак эди. Бу даврда Владимир Путин Россия сиёсий элитаси орасида машҳур бўлиб бораётганди. Номзодлар ичида Путиндан ташқари Анатолай Чубайс, Борис Немцов ва ҳатто Александр Лукашенко ҳам бор эди. Бироқ Ельцин Путинни танлади.
Янги, XXI аср. Россияда 2000 йилнинг 26 март куни мамлакат президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Унинг натижасига кўра, Владимир Владимирович Путин 51 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонди. 7 май куни эса у ўз вазифасига киришди. Бугун ўша кунга 21 йил тўлибди. Бу даврда қанчадан қанча давлатларда раҳбар, Бош вазир ва Президентлар алмашди. Лекин Путин ҳали ҳам иқтидорда. Ваҳоланки, у энди Президент этиб сайланганида, дунё уни нафақат танимас, балки тан олмас ҳам эди.
Қуйида Россиянинг собиқ императорлари – Александр, Николай ва Пётрлар каби мамлакатни 20 йилдан ортиқ бошқариб келишга муваффақ бўлган Путин шахсига тўхталамиз. Шу ўринда унинг Ўзбекистонда, аниқроғи Самарқанд шаҳрида туғилгани тўғрисидаги миш-мишлар, СССР разведкасидаги фаолияти ҳамда тирикчилик учун киракашлик қилиш ҳақида ўйлагани тўғрисида сўзлаб берамиз.
Путин самарқандликми?
Россия Президенти Администрацияси берган маълумотга кўра, Владимир Владимирович Путин 1952 йилда СССР вақтидаги Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербургда туғилган. Ушбу расмий маълумотларга қарамай, омма орасида Путиннинг Самарқандда туғилгани ҳақида миш-миш ҳам кенг тарқалган. Бунга қайсидир маънода Владимир Владимировичнинг СССР Давлат хавфсизлик қўмитасида ишлагани ҳам сабаб бўлган. Албатта, бундай махфий структурада ходимлар ҳақидаги маълумотлар қаттиқ сир сақланиши табиий ва ахборот етишмаслиги ўз-ўзидан дезинформация келтириб чиқаради.
Шу ўринда, Россиянинг ўзида, сиёсий зиёлилар орасида Президент Путиннинг келиб чиқиши мавҳумлигича қолмоқда. Жумладан сиёсий фанлар доктори, 2003-2007-йилларда Давлат Думаси депутати бўлган Савельев Андрей ўз блогида шундай деб ёзган:
“Дарҳақиқат, Путиннинг таржимаи ҳоли йўқ. Бу инсоннинг келиб чиқиш тарихи ўйлаб топилган. Аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Унинг ота-онаси ким бўлгани, ҳақиқатан ҳам номаълум. Унинг оиласи қаердан келганини ҳеч ким билмайди. Гўё Путиннинг умуман қариндошлари йўқдек. Мактабда унинг ёнида ўқиганлар ёки ҳеч нарсани эслолмайди ёки ҳамма нарсани унутишга мажбур қилинган”.
Россияда 2010 йили аҳолини қайта рўйхатга олиш пайтида Путин ўзи ҳақида тўхталиб ўтган. Айтишича, унинг миллати рус. Отаси Владимир Спиридонович Иккинчи Жаҳон урушида қанташган, сувости флотида хизмат қилган. Онаси Мария Ивановна оддий завод ишчиси, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг “Ленинград ҳимояси учун” медали билан тақдирланган. Путиннинг отаси ҳам, онаси ҳам унинг Россия Президентига айланишидан бир оз аввал вафот этган.
Қизиқ ҳолат, 2015 йили Президент Путиннинг шахсан ўзи “Русский Пионер” журнали учун ёзган мақоласида отаси 1998 йилда, онаси эса 1999 йилда вафот этгани ҳақида маълумот берилган. Бироқ, 2017 йилда Путун 3 карра “Оскар”ни ютган Оливер Стоунга берган интервьюсида эса, аксинча, биринчи онаси, кейин отаси вафот этганини айтган. Ҳақиқат ҳам Путиннинг келиб чиқиши, оиласи ҳақидаги маълумот чигал. Балки, у ростдан ҳам самарқандликдир.
Разведчик Путин
Путин ҳали мактабда ўқиб юрган кезларида унинг хонасида бир портрет деворга осиғлиқ турган. Бу суратда Совет Иттифоқи разведкасининг асосчиларидан бири Ян Берзин акс этган эди. Путин Россия Президентига айланганидан сўнг, ёшлиги ҳақида айтиб берар экан, кичкиналигида разведчиклар ҳақида фильмлар томоша қилишни яхши кўргани ва давлат хавфсизлик хизматида ишлашни орзу қилганини эслаган.
Ўрта мактабни битирган 17 ёшли Путин СССР Давлат хавфсизлик қўмитасига (ДХҚ–КГБ) ташриф буюрди. ДХҚда бўлажак мамлакат Президенти билан суҳбат ўтказишиб, якунда унга гуманитар билимларни чуқурроқ ўрганиш бўйича тавсия беришди.
Шундан сўнг, у Ленинград Давлат университетининг юридик факультети халқаро бўлимига ўқишга кирди. Ўқиш билан биргаликда жисмоний тайёргаликка ҳам алоҳида эътибор қаратди. У 1973 йилда самбо, 1975 йилда дзюдо спорт турларича бўйича Ленинград чемпиони бўлди.
Путин 1975 йилда ўқишни битирганидан сўнг, автоматик тарзда ДХҚга лейтенант унвони билан юборилди. Шу билан Путин ушбу структурада 1991 йилга қадар хизмат қилди. Бу орада Москвадаги ДХҚ олий мактабини ҳамда Андропов номидаги Қизил байроқли ташқи разведка академиясини ҳам тамомлади. Ўқиш даврида Путиннинг фамилияси Платов бўлган (қоида бўйича талабалар бир-бирининг асл исм ва фамилиясини билмаслиги керак эди).
Путин хизмат вазифасини Германия Демократик Республикасида (ГДР) ўтаган. ГДРда разведчиклик қилган даврида у бир фавқулодда вазиятни ўз назоратига олишга муваффақ бўлган. “Россия 1” телеканалида намойиш этилган “Путин” номли фильм кадрларига кўра, Германияни икки – ГДР ва ГФРга ажратиб турган Берлин девори 1989 йилда қулайди ва немислардан иборат намойишчилар Путин хизмат қилаётган ДХҚ бўлимига келади. Уларнинг мақсади СССР разведкасига оид архив ҳужжатларини қўлга киритиш эди. Путин эса қурол ишлатмасдан оломонни тарқатиб юборишга муваффақ бўлди ва архив ҳужжатларини ёқиб юборди. Москвага қайтган Путин 1991 йилда ушбу структурадан ўз ихтиёри билан ишдан кетди.
Киракашлик қилиш ҳақида ўйлардим – Путин
Тарихда “Август инқирози” номи билан қолган, СССР парчаланаётган бир даврлар эди. Путин бу вақтларда Volvo русумли автомобилида таксичилик қилиш ҳақида фикр юритган.
Кейинроқ эса у иш топишга муваффақ бўлди ва ўзи ўқиган университетда бир муддат Станислав Меркурьев исмли лекторга ёрдамчи бўлиб юрди. Айнан Меркурьев уни Анатолий Собчакка тавсия қилди. 1991 йилда Собчак Санкт-Петербургга мэр этиб сайланганидан сўнг, Путин унга халқаро масалалар бўйича ёрдамчи бўлди. Унинг вазифаси – асосан шаҳарга четдан инвестиция жалб қилиш бўлган.
Фото: Владимир Путин ва Анатолий Собчак
1996 йилги сайловларда Собчак ютқазиб қўйди ва мэрликдан кетди. Табиийки, Путин ҳам кетди. Лекин мер маъмуриятидан унга қолиш таклифи берилганди. Бироқ, Путин қолишни сотқинлик сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ишдан кетганидан сўнг, у яна киракашлик қилиш ҳақида ўйлай бошлаган.
“Ҳаттоки таксида пул топиш ҳақида ўйлардим. Ҳазиллашмаяпман, қаерга ҳам борардим. Икки нафар кичкина болам бор эди. Шундай қилиб менга Москвага кўчиб ўтиб, Президент идорасида ҳуқуқий масалалар бўйича ишлашни таклиф қилишганда рози бўлдим ва келдим”, дейди у.
Президент Администрацияга жойлашиб олган Путин ушбу структурада секин-секин кўтарилиб, 1998 йилда Администрация раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Орадан икки ой ўтиб, Россия Федерал хавфсизлик хизматига (ФХХ) директор, кейинроқ эса мамлакат Хавфсизлик Кенгашига котиб этиб тайинланди. Ушбу масъулиятли лавозимларда Путин бир қатор ислоҳотлар ўтказиб, ўзини кўрсатди. Бу вақтда мамлакат сиёсий элитасининг орасида Россиянинг биринчи Президенти Ельциннинг кетиши ва унинг ўрнини Путин эгаллаши ҳақида гап тарқала бошлади. Сиёсатшунос олим ва журналистлар ҳам Путинни ишончли вакил сифатида кўрарди.
Ниҳоят, 1999 йилнинг май ойида Президент Ельцин ҳокимиятни Путинга топширишга қарор қилди. Таксистлик қилиш фикрида юрган йигит 3 йил ўтар-ўтмас дунёдаги энг катта давлатга раҳбар бўлди.
“Who is mister Putin?”
1999 йилнинг 31 декабрь куни Ельциннинг истеъфо бериши ортидан Путин Россия Президенти вазифасини бажарувчига айланди. 2000 йилга келиб у мамлакат президентлигига сайловда ғалаба қозонди. Ўшанда ҳали дунё Путинни танимас, жаҳон сиёсий аренасида у бир “no name” одам эди.
Янги асрга қадам қўйилган йили Россия делегацияси ҳар йили Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтадиган “Бутунжаҳон иқтисодий форумида” қатнашди. Ушбу форумда дунёнинг лидерлари, олимлари ва энг обрўли шахслари йиғилиб инсониятнинг келажаги ва дунёдаги актуал муаммолар ҳақида эркин суҳбат қуради. 2000 йилги форумда Россиядан келган сиёсатчилардан ташқари ўша даврдаги АҚШ Президенти Билл Клинтон, Британия Бош вазири Тони Блэр, Microsoft компаниясининг асосчиси Билл Гейтс, Фаластинни озод қилиш ташкилотининг раиси Ясир Арафат ҳам қатнашган.
Фото: Россия вакили Анатолий Чубайс, 2000 йил Давосда
Форум доирасида Россиянинг янги Президенти ҳақида сўралиши, дунё ҳамжамияти томонидан Путин шахсига нисбатан қизиқиш билдирилиши табиий эди ва шундай ҳам бўлди. Бироқ бошловчининг берган “Who is mister Putin?” (ким ўзи у Путин жаноблари?), деган саволи Россия вакиллари томонидан бир муддат жавобсиз қолдирилди. Бу сукунат форумга йиғилганлар орасида гўёки Путин кимлигини Россиянинг ўзида ҳам билишмас экан, деган ҳаёл уйғотди ва бутун зал бирданига кулиб юборди. Бу воқеага ҳам 21 йилдан ошибди, ушбу давр мобайнида АҚШ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб давлатларда ҳукумат ва Президентлар алмашиб кетди. Лекин Путин ҳали ҳам иқтидорда ва ҳеч ҳам кетиш нияти йўқ. Кўриниб турибдики балки, Россия вакиллари ўша вақтда Путин кимлигини айта олмагандир, лекин ўтиб бораётган йиллар ушбу саволга яхшигина жавоб берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь