Кремль сирлари: 6 йил аввал Путиннинг ашаддий рақиби Немцов ўлдирилганди

Таҳлил 25936
image

Бундан олти йил муқаддам, аниқроғи 2015 йилнинг 27 февраль куни Москвадаги Катта Москворецк кўпригида ўқ овозлари эшитилди. Шундоққина Кремль қаршисида россиялик сиёсатчи, Борис Немцов отиб ўлдирилди. Бу жиноят иши узоқ давом этиб, шубҳали якунланди. “Киллер”ни ким ёллагани, қотилликнинг сабаби тўғрисидаги саволлар ҳалигача очиқ қолмоқда. Лекин бир нарса аниқки, Немцов Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган, худди Навальний каби. 

Россия президентлигига асосий номзод

Ислоҳотчи Ҳукуматда Бош вазирнинг ўринбосари бўлган ёш Немцов 90-йиллардаёқ халқ орасида машҳур бўлган. Чунки, у кичик ва ўрта бизнес вакилларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилар, губернатор бўлиб юрган вақтларида Гайдар Ҳукуматини очиқдан очиқ танқид қилишдан ҳам таб тортмас эди. Шундай бўлса-да, ўша даврдаги Россия Президенти Борис Ельцин билан жуда яхши чиқишарди. 

Борис Ельцин Немцов унинг давомчиси бўлиши ҳақида биринчи бор 1994 йилда сўз очган. Ўша пайтда Россия Президенти Волга бўйлаб оиласи билан саёҳат қилар, бу вақтда Немцов давлат ишаларида фаоллик кўрсатарди. Ельцин Немцов унинг давомчиси бўлишини АҚШга ташрифи чоғида Президент Билл Клинтонга ҳам, Германия канцлери Гельмут Колга ҳам айтган.

Бироқ чечен уруши бўйича Немцовнинг қарашлари ва 1998 йилдаги Россия молиявий инқирози Ельцин билан ришталарнинг узилишига олиб келди. Ўша даврда Ельцинниг давомчиси бўлишга Беларусь Президенти Лукашенко ҳам ҳаракат қилиб юрган эди. Бироқ “югурганники эмас, буюрганники”, деганларидек, Путин Немцовдан ҳам, Лукашенкодан ҳам абжир чиқди ва Россия Президентига айланди. 

Владимир Путин ҳокимиятга келганидан кейин, Немцов аста-секин мухолифат позициясига ўтди. 90-йилларда ҳокимиятга яқин бўлган бошқа кўплаб “қаҳрамонлар”дан фарқли ўлароқ, Немцов Путин таъсири остидаги янги авторитаризмга қўшилишга ҳаракат қилмади. Сиёсатчи 2000 йилларда берган интервьюсида Путиннинг якка ҳокимлиги кучайиб кетишидан қўрқиш кераклиги ва нима учун мамлакат шу шароитда ривожлана олмаслиги ҳақида гапирган. 

Ўша мудҳиш кеча

2015 йил 28 февралга ўтар кечаси Немцовнинг яқин дўсти Иля Яшин ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Немцов отиб ташланди. У вафот этди”, дея хабар берган эди. Маълум бўлишича, Немцовга 6 маротаба ўқ узилган: бош, юрак, жигар ва қорин қисмига. Сиёсатчи воқеа жойида вафот этган. 

Ўлимидан 3 соат олдин Немцов “Эхо Москвы” радиосига берган интервьюсида Украина шарқида, аниқроғи Россия билан чегарадош қисмида уруш бошланишига ҳамда рус Ҳукуматида коррупция авж олишига Президент Путинни жавобгар қилиб кўрсатган эди. 

Бундан ташқари, 2 кундан сўнг Москвада намойиш бўлиши керак эди. Ушбу намойишни Борис Немцов Алексей Навальний билан режалаштирган. Бироқ сиёсатчининг ўлими ортидан ушбу намойиш мотам юришига айланиб кетди. Юришда қатнашганлар сиёсатчини ўлдирган қотилларни топиш ва жазолашни талаб қилган. Ўша вақтда Россия ИИВ маълумотига кўра, 20 минг, намойиш ташкилотчиларига кўра, 50 минг киши норозилик юришларида қатнашган. 

Ҳукм

Немцовга ўқ узилган пистолет топилмаган. Жиноят Кремль яқинида, Москванинг қоқ марказида содир этилган бўлса-да, ўша кўчадаги бирор бир камера объективига ушбу ҳодиса муҳрланмаган. Шубҳали бошланган судда сиёсатчининг ўлимида айбланган Заур Дадаевга 20 йил, ака-ука Анзор ва Шадид Губашевларга 19 ва 16 йилдан қамоқ жазоси берилди. Узоқ муддатга ҳуқм қилинганлар, дастлаб айбини тан олган бўлса-да, кейинчалик қийноққа солингани боис шундай кўрсатма берганини айтган. 

Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти қотилликка 5 йил тўлганида янги суриштирув иши ўтказишни сўраб, ушбу жиноят бўйича тўпланган далилларни ЕХҲТнинг парламент ассамблеяси билан улашишни сўраган.  

Бунга жавобан, Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков халқаро суриштирув Россия қонунчилигига зид эканини айтган бўлса, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ушбу жийоий иш бўйича тўпланган далиллар давлат сири эканини таъкидлаган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1065
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×