Ким Чен Ин янги дронларини синовдан ўтказди
Олам
−
19 Сентябрь 3756 1 дақиқа
Шимолий Корея учувчисиз учиш аппаратлари уюшмаси илмий-тадқиқот институтлари ва корхоналарида ишлаб чиқилган дронларни синовдан ўтказди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Синовларни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шахсан назорат қилган. У “турли учувчисиз қуроллар, жумладан, стратегик ва тактик разведка учувчисиз учоқлари ҳамда кўп мақсадли дронларнинг хусусиятлари ва жанговар қўлланилиши билан танишган”.

Қайд этилишича, мазкур синовлар Геумсонг серияли тактик ҳужумчи дронларининг самарадорлигини тасдиқлаган.

“Мен аллақачон таъкидлаганимдек, замонавий урушларда учувчисиз қуроллардан фойдаланиш янада кенгайиб, ҳарбий ҳаракатларнинг етакчи воситасига айланмоқда. Бу воқелик ушбу соҳадаги асосий технологияни – учувчисиз қурол тизимларининг сунъий интеллектини ва уларнинг операцион имкониятларини жадал ривожлантириш зарурлигини билдиради”, деган Ким Чен Ин.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шимолий Корея углерод толалари билан мустаҳкамланган композит материалдан фойдаланган ҳолда қаттиқ ёнилғи билан ишлайдиган ракета двигателини синовдан ўтказганди. Ўшанда ҳам Ким Чен Ин синовни кузатганди.