Ким Чен Ин кемаларга қарши ракетасини синовдан ўтказди
Олам
−
15 Февраль
3477Кеча, 14 февраль куни Шимолий Корея кемага қарши янги турдаги Падасури-6 ракетасини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур турдаги ракета яқин орада фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Унинг учирилишига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилик қилган.
Ракета 23 дақиқа давомида ҳавода бўлган ва Япон денгизидаги "шартли нишонларга" тегган.
“Ким Чен Ин учирилиш натижаларидан катта мамнунлигини билдирди ва Шимолий Корея ҳарбий-денгиз кучларининг жанговар салоҳиятини кучайтириш душман кучларининг провокацияларини бостириш имконини беришини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Олдинроқ Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси ҳам КХДР томонидан ракета учирилгани ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни КХДР “Пульхвасаль-3-31” қанотли ракеталарини муваффақиятли синовдан ўтказганди. Учиришга Ким Чен Ин ҳам раҳбарлик қилди. 2 февраль куни эса Шимолий Корея янги зенит ракетасини синовдан ўтказди. Синовлар давомида қанотли ракета каллакларининг кучи баҳоланди.