ХЖCдан Набиуллинани ҳибсга олиш учун ордер сўралди

Олам

image

Гаагадаги Халқаро жиноий суддан Россия Молия вазири Антон Силуанов ва Россия Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллинани ҳибсга олиш учун ордер бериш сўралган. Мурожаат Американинг LexCollective нодавлат ташкилоти томонидан топширилган бўлиб, уни тайёрлашда B4Ukraine жамоат ташкилотлари коалицияси ва Украина юридик маслаҳат гуруҳи иштирок этди. Бу ҳақда кеча, 16 июль куни “Financial Times” хабар берди.

Мурожаат муаллифлари ХЖСни Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларини назорат қилиш учун банк тизимидан қандай фойдаланаётганини текширишга чақиради. Баёнотда Россиянинг учта банки – Промсвязбанк, МРБ ва ЦМР раҳбарлари айбланади ва Херсон вилоятининг Россия Қуролли Кучлари томонидан босиб олинган қисми кейси текширилади.

Қайд этилишича, босқинчи “ҳокимият” Украина гривнасидан фойдаланишни тақиқлаб қўйган, маҳаллий аҳоли уни рублга сунъий паст ставкада алмаштиришга мажбур бўлган, бу эса Россия банкларини бойитган.

“Ҳар қандай молиявий хизматлардан фойдаланиш мақсадида банк ҳисобини очиш учун маҳаллий аҳоли “Россияга содиқликка қасамёд қилган ҳолда” Россия фуқаролигини олишлари керак”, дейилади баёнотда.

Ҳужжат муаллифлари, шунингдек, ХЖСни Набиуллина ва Силуановга нисбатан “юқорида қайд этилган айбловлар бўйича, шунингдек, босқин ва босиб олишни молиялаштириш ва кўмаклашишдаги фаолияти муносабати билан” чора кўришга чақирган.

Мурожаатда марказий банк россиялик ҳарбий хизматчиларга тўловларни амалга ошириш учун Украинанинг босиб олинган ҳудудларида дала офисларини очгани айтилган.

Маълумот учун, 2023 йил март ойида Халқаро жиноят суди Россия Президенти Владимир Путин ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган. Суд уларни украиналик болаларнинг ноқонуний депортациясига алоқадорликда гумон қилмоқда.

Бироқ 2024 йил сентябрида Мўғулистон Путинни мамлакатга ташрифи чоғида ҳибсга олишдан бош тортган ҳолда ХЖСнинг таъсис ҳужжати бўлмиш Рим статутини бузди. Ўшандан бери Мўғулистон ҳеч қандай муҳим санкцияларга дуч келмади, гарчи ХЖС Улан-Батордан тушунтириш талаб қилган бўлса ҳам.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эльвира Набиуллина ХЖС Антон Силуанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг