ХВЖ Ўзбекистонга 375 млн доллар ажратишни тасдиқлади
Жамият
−
18 Май 2020
6713Бугун, 18 май куни Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш учун 375 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли қарз маблағлари ажратилишини тасдиқлади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Мазкур маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасини тўлдиришга йўналтирилади. ХВЖ томонидан имтиёзли қарз маблағларини ажратишда анъанавий равишда мамлакатдаги макроиқтисодий вазият ва давлат қарзи билан боғлиқ хатарлар таҳлил қилинди.
ХВЖ томонидан эълон қилинган ҳисоботда коронавирус пандемиясининг республика иқтисодиётига салбий таъсири натижасида ЯИМнинг ўсиш суръатлари 1,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинган. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори даражада сақлаб қолинаётгани таъкидлаб ўтилган.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг глобал инқироз ва Коронавирус пандемиясининг миллий иқтисодиётга таъсирини камайтириш бўйича олиб бориётган сиёсатлари халқаро молия институтларидан имтиёзли ташқи қарз жалб қилишда қулай имкониятлар бермоқда”, дея қайд этган Жамшид Қўчқоров.