Хўжайлидаги қотилликлар ҳақида гапиришмаяпти – Озарбайжон Байденни иккиюзламачиликда айблади
Олам
−
25 Апрель 2021
9207Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 25 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден баёнотида 1915 йилда Усмонли империясида содир бўлган даҳшатли воқеаларга “арман геноциди” дея баҳо берганига муносабат билдирди.
Озарбайжон дипломатлари Америка етакчиси тарихий фактларни бузиб талқин қилгани учун афсусланарли эканини маълум қилди.
“Арман геноциди” деб сиёсийлаштирувчи кучлар ўша даврда 500 мингдан ортиқ одам арман қуролли тузилмалари томонидан оммавий равишда ўлдирилгани ҳамда 1918 йил март ойида Баку ва Озарбайжоннинг бошқа ҳудудларида арман дашноқлари томонидан содир этилган қотилликлар ҳақида жим туришибди”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Шунингдек, Озарбайжон томони Вашингтон 100 йил аввалги воқеаларга ёлғон баҳо бераётганига, бир вақтнинг ўзида 30 йил аввал Хўжайлида арман миллатчилари озарийларга нисбатан уюштирган геноцидни адолатли баҳолай олмаслигига тўхталиб, бу икки хил ёндашувга мисол бўлишини таъкидлаган.
“1915 йил воқеалари сиёсатчилар эмас, тарихчилар томонидан ўрганилиши керак. Бироқ содир бўлганларни яширишга ва ўзини зулмга учраган давлат қилиб кўрсатишга уринаётган Арманистон Туркиянинг ўша даврда бўлган воқеаларни тарихий комиссия тузиб, биргаликда ўрганиш таклифини қабул қилмади”, дея эслатиб ўтилган ТИВ муносабатида.
Вазирлик тарихни сохталаштириш ва қайта ёзишга бўладиган ҳар қандай уриниш қабул қилинмаслигини ва бу масаладан сиёсий дастак сифатида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини қўшимча қилган.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден XX аср бошида Усмонли империясида юз берган хунрезликни арман геноциди деб тан олгани хабар қилинганди.
Кейинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли расмий Анқара бу баёнотни рад этишини маълум қилди. Американинг Туркиядаги элчиси ТИВга чақиртирилиб, унга норозилик билдирилди.
LiveБарчаси