Худди “Қаҳрамонлар шаҳри” мультфильмидагидек. Дунёдаги энг кичик робот яратилди

Технология

image

Олимлар дунёдаги энг кичик автоном роботларни яратишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Pen Engeneering” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, бу роботлар оддий кўз билан деярли кўринмайди, бир неча ой ишлай олади ва ҳар бири атиги бир центга тушади. Роботлар Пенсилвания университети ва Мичиган университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган. Улар 200-300 микрометр узунликда бўлиб, ҳатто туз донасидан ҳам кичик. Ушбу микророботлар атроф-муҳитни сезади ва унга мос равишда ўз ҳаракатини ўзгартира олади.

Роботлар кабеллар, магнитлар ёки ташқи бошқарувсиз ишлайди. Улар ёруғлик орқали қувват олади ва ичидаги жуда кичик компьютер ёрдамида мустақил қарор қабул қилади. Ҳароратни сезиб, қайси томонга ҳаракатланишни ўзи белгилайди.

Тадқиқот раҳбари Марк Мискиннинг айтишича, бу роботлар одатдаги роботлардан 10 минг баравар кичик, бу эса робототехникада бутунлай янги босқичдир.

Бу ўлчамда ҳаракат қилиш жуда қийин, чунки сув худди қалин ёпишқоқ модда каби таъсир қилади. Шу сабабли олимлар ғилдирак ёки оёқлар ўрнига махсус электр майдонларидан фойдаланган. Роботлар шу йўл билан сувда сузиб ҳаракатланади ва ҳатто гуруҳ бўлиб бир вақтда ҳаракатлана олади.

Роботларда ҳаракатланувчи механик қисмлар йўқ, шу сабабли улар мустаҳкам ва узоқ умрли. LED ёруғлик билан қувват олган роботлар бир неча ой тўхтовсиз ишлаши мумкин.

Роботларнинг мияси Мичиган университети олимлари яратган дунёдаги энг кичик компьютердир. У жуда кам энергия ишлатади, лекин сенсорлар, хотира ва процессорга эга. Шу сабабли улар сезади, эслайди ва жавоб қайтаради. Масалан, ҳароратни 0,3 даража аниқлик билан ўлчай олади. Бу эса келажакда алоҳида ҳужайраларнинг соғлиғини кузатиш имконини беради.

Роботлар йиғилган маълумотни одатий сигнал билан эмас, балки микроскоп остида кўринадиган ҳаракатлар (рақс) орқали узатади. Бу усул асалариларнинг ўзаро мулоқотига ўхшайди. Ҳар бир робот алоҳида дастурланади ва бир муҳитда турли вазифаларни бажариши мумкин.

Олимлар келажакда бу роботларни янада тезроқ, ақллироқ ва кўпроқ сенсорларга эга қилишни режалаштирмоқда. Улар тиббиёт, биология ва микротехнология соҳаларида катта инқилоб қилиши мумкин.

“Бу ҳали бошланиши. Биз жуда кичик ҳажмда мия, сенсор ва ҳаракатни бирлаштириш мумкинлигини кўрсатдик. Энди микророботлар учун бутунлай янги келажак очилмоқда”, дейди Марк Мискин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой дунёдаги “энг одамсимон” роботни намойиш қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

робот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг