ХТВ мактаб формаси масаласида ота-оналарга мурожаат йўллади
Жамият
−
30 Август 2019
9663Айни кунларда ижтимоий тармоқларда янги ўқув йилида давлат умумтаълим муассасаларида ўқувчилар кийиши лозим бўлган мактаб формаси қизғин мунозаларга сабаб бўляпти. Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ота-оналарга мурожаат билан чиқиб қуйидагиларни маълум қилди.
“Бугунги кунда республикадаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мактаб формаси ва уни кийиб юриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли Қарори билан тасдиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги “Вазирлар Маҳкамасининг давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорига биноан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формаларини мажбурий қилиб белгилаш 2024/2025 ўқув йилидан деб белгиланди.
Гарчанд, ягона мактаб формасининг мажбурийлиги кечиктирилган бўлсада, Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб амалда сақланиб қолмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб вазирлик янги ўқув йилида давлат умумтаълим мактабларида мактаб формаси сифатида қуйидаги кийим-кечакларни тавсия қилади:
1) ўғил ва қиз боллар учун – тепаси оқ (классик кўйлак), пасти қора (классик шим ва юбка) бўлган кийим;
2) мактаб томонидан аввалги йилларда жорий этилган ва бугунги кунга қадар кийишга яроқлиликни сақлаб қолган форма;
3) Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формалари.
Фарзандингизни вазирлик томонидан тавсия этилган вариантлардан ташқари бошқа кийим-кечакларда ҳамда турли бош кийимларда (таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно) мактаб ҳудудида юриши таълим муассасасининг ички тартиб ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига олиб келади. Мазкур ҳолат таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар ўртасида ижтимоий тенгликни таъминлашга қаратилган.
Мактаб директорлари томонидан мактаб формасини марказлашган ҳолда олди-сотди ишларини ташкил қилиниши қатъиян тақиқланганини сизга яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз”.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан 2019-2020 ўқув йилидан мактабларда мажбурий формани жорий қилиш белгиланди. Кейинроқ Ҳукумат ўзгартириш қилиб, мактабларда мажбурий форма жорий қилишни 2024-2025 йилга қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” маҳсулотлари сифати яхшиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь