ХТВ 1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси” қай тартибда топширилишини маълум қилди
Жамият
−
09 Сентябрь 2020
13274Ўзбекистонда 1-синфга бораётган болажонларга Президент совғаси сифатида бир йилга етадиган ўқув-қуроллар берилиши анъанага айланган. Аммо бу йил пандемия сабаб мактаблар одатдагидан кечроқ ва аралаш шаклда очиляпти. Аммо бу “Президент совғаси” берилмайди дегани эмас.
Халқ таълими вазирлиги пандемия вақтида 1-синфда ўқишни бошлаётган болаларга “Президент совғаси” қандай етказилишини маълум қилди. Унга кўра, совғалар мактаб маъмурияти томонидан босқичма-босқич тарқатилиши мумкин.
“Мактабда ўқувчилар ва ота-оналарнинг тўпланиб қолишларнинг олдини олиш мақсадида мактаб маъмурияти “Президент совғалари”ни тарқатишни босқичма-босқич ташкил этиши мумкин. Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса “Президент совғалари” айнан 14 сентябрь куни эмас, вазиятга қараб, баъзи мактаблар кечроқ очилса кечроқ топширилиши мумкин.
Ушбу жараёнда мактаб маъмуриятлари ва ота-оналардан ўзаро ҳамкорликда касаллик тарқалишининг олдини олиш чораларини кўриш сўралади.
Ҳурматли ота-оналар!
“Президент совғаси” ҳозирланаётганда ҳар бир 1-синф ўқувчиси ҳисобга олинган, шу сабабли ҳеч бир бола “Президент совғаси”сиз қолмайди. Ҳавотирга ўрин йўқ, сиздан фақат карантин талабларига риоя қилган ҳолда совғани қабул қилиб олиш сўралади”, дейилган ХТВ хабарида.
1-синф ўқувчиларига бериладиган “Президент совғаси” таркибидан 12 турдаги ўқув қуроллари, жумладан портфель, дафтарлар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли ва оддий қаламлар, пластилин, елим ва ўчирғич ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 сентябрь куни 6 ойлик танаффусдан кейин республика бўйлаб 329 та мактабда ўқиш бошланди.
Аввалроқ, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳудудларда мактабларни очиш Халқ депутатлари кенгашлари қарорига боғлиқ эканини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь