Ховос тумани собиқ ҳокими қамалди

3-саҳифа

image

Сирдарё вилоятидаги Ховос туманининг собиқ ҳокими Учқун Камолов 2023 йил 7 августда лавозимидан олинганидан кўп ўтмай, 2023 йил 18 сентябрь куни қамоққа олингани ва жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 14 апрелдан 2023 йил 7 августга қадар Ховос тумани ҳокими ва бир вақтнинг ўзида Ховос туман ҳокимлиги қошидаги Ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия раиси лавозимида ишлаб келган Учқун Камолов давлат ва жамият манфаатларига катта миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган. У Ховос туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Б.Б. ҳамда Ховос тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими собиқ бошлиғи М.К. билан тил бириктириб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қонунчиликка зид равишда тадбиркорлик субъектлари эгалигига бериб юборган. 

Суд ҳукмида келтирилишича, Учқун Камолов ерларни ноқонуний бериш бўйича 4 та ҳолатда 144 гектар суғориладиган экин майдонини балиқчилик, қум-шағал қазиб олиш, боғдорчилик йўналишлари бўйича фойдаланишга бериб юборган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 8 млрд 856 млн сўм зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Шунингдек, Учқун Камолов ўз хизмат вазифаларини қасддан бажармагани ортидан 3 та ҳолатда айрим тадбиркорлик субъектларига ажратилган экин майдонларининг унумдор қатлами кавлаб олиниши оқибатида давлат манфаатларига 6 млрд 352 млн сўм зарар етказилишига ҳам сабабчи бўлгани айтилган.

Ховос туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Б.Б. ҳамда Ховос тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими собиқ бошлиғи М.К. жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳукми билан судланган.

Учқун Камолов эса жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг 2024 йил 25 мартдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ҳамда 208-моддасида (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) келтирилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 181 млн 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Собиқ ҳоким қамоқда сақланган 6 ой 7 кун жазодан чегирилиб, жарима 150 млн 645 минг сўмга туширилган. 

Жорий йил 9 январда эса Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳукмини бекор қилган. Янги ҳукм билан Учқун Камоловга 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 99 млн сўм жарима ҳамда 3 йил 5 ой 23 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2025 йил 30 майда чиқарилган Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг ажрими билан эса кассация инстанциясининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё Ховос Учқун Камолов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг