Хорватиядаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар пичоқланди. Қурбон бор
Олам
−
20 Декабрь
2605Бугун, 20 декабрь куни эрталаб Хорватия пойтахти Загреб шаҳрининг Пречко туманидаги умумтаълим мактабларидан бирида ўқитувчи ва ўқувчилар пичоқланди. Етти киши жароҳат олди, бир ўқувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда HRT хабар берди.
“Норасмий маълумотларга кўра, ўсмир ўқитувчи ва олти нафар ўқувчини пичоқ билан жароҳатлаган, улардан бири ҳалок бўлган. Гумонланувчи ўзига ҳам зарар етказган бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Хорватия Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда воқеа ҳақида маҳаллий вақт билан соат 9:50 да хабар бериб, гумонланувчининг қўлга олинганини тасдиқлаган. Бироқ унинг ёши ва жабрланганлар сони ҳақида маълумот бермаган.
Хорватия Бош вазири Андрей Пленкович жабрланганларга ҳамдардлик билдирган, Ички ишлар вазири Давор Божинович эса воқеа жойига чиққан.
“Ҳозирги вақтда жароҳатланган беш кишининг ҳаёти хавф остида эмас, фавқулодда хизматлар ҳанузгача воқеа жойида ишламоқда. Ҳалок бўлган бола 7 ёшда эди”, деди вазир.
HINA хабарига кўра, жароҳатланганлар орасида мактаб ўқитувчиси ҳам бор. У оғир аҳволда шифохонага ётқизилган ва яшаш учун курашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Висконсин штати Мэдисон шаҳрида хусусий мактабда отишма юз берган эди. Қуролли ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна етти киши ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар олган.
LiveБарчаси