Хорватияда аварияга учраган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
Олам
−
14 Апрель
4271Хорватияда оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро қайтарилишига Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ёрдам кўрсатган.
Элчихона маълумотига кўра, Н.С. 2024 йилда ишлаш учун Загреб шаҳрига келган. Ўтган йилнинг 29 ноябрь куни у йўл транспорт ҳодисаси оқибатида оғир тан жароҳати олган ва Загреб шаҳридаги марказий шифохонага ётқизилган. Бемор ўтган вақт давомида доимий тарзда шифокорлар назоратида бўлган.
Ўзбекистон элчихонаси воқеа содир бўлган дастлабки кунларданоқ вазиятни назоратга олган. Дипломатик миссия шифокорлар ва шифохона вакиллари билан фуқаронинг аҳволи юзасидан мулоқот қилиб турган. Жабрланувчининг оила аъзолари билан ҳам яқин мулоқот ўрнатилган ва беморнинг аҳволи тўғрисида аниқ маълумотлар тақдим этилган.
Беморнинг аҳволи инобатга олиниб, дипломатик ваколатхона ташаббуси билан Миграция агентлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида юқори малакали тиббиёт мутахассиси Хорватияга олиб келинган.
Барча жалб қилинган тузилмаларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари туфайли Н.С. 11 апрель куни Ўзбекистонга муваффақиятли етказилган.
“Ўзбекистонга етиб келгач, у ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасига жойлаштирилган ва керакли даволанишни давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Элчихона ходимлари саъй-ҳаракатлари билан фуқаронинг даволаниши учун кетган тўловлар суғурта компанияси ва иш берувчи томонидан қопланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси кўмагида Озарбайжонда оғир аҳволда қолган фуқаро мамлакатга қайтарилганди.
LiveБарчаси
Самарқандда даҳшатли авария содир бўлди.
24 Апрель