Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистондаги харажатлари бир қисми қайтарилади

Маданият-санъат 3107
image

Ўзбекистонда фильм ё сериал суратга олган хорижий кинокомпанияларга республика ҳудудида амалга оширган харажатларининг бир қисми қайтарилади. Бу ҳақдақ Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш (“rebate”) тартиби тўғрисидаги низомда сўз боради. 

Низомга кўра, хорижий кинокомпанияларга республика ҳудудида амалга оширган харажатларининг 20 фоизи (бироқ 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилади.

Бунда, хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун “Ўзбеккино” Миллий агентлигидан рухсатнома олади ҳамда ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланади.

Хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун Ўзбекистондаги тижорат банкларида махсус ҳисоб рақами очади ва харажатларни шу орқали амалга оширади.

Рухсатнома муддати якунлангандан сўнг фильмни суратга олиш ишлари якунланган ҳисобланади.

 Харажатларни қайтариш учун тегишли ҳужжатлар Молия вазирлигига тақдим этилади ва вазирлик томонидан 10 кун муддатда қарор қабул қилинади.

Агентлик хорижий кинокомпанияларга харажатлар қисмини қайтаришни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.

Давлат бюджетидан маблағ ажратилган хорижий кинокомпаниялар рўйхати Агентлик веб-сайтига жойлаштирилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 69
Рейтинг: 2.9
t
×