Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори ишдан олинди
Жамият
−
18 Январь
7145Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги раҳбари Мурод Мирзаев лавозимидан озод этилди. Тегишли кўрсатма бугун, 18 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича ўтказилаётган йиғилишда берилди.
Агентликнинг фақат форумлар ўтказиш билан чекланиб қолгани, туманлар кесимида инвестицион харитаси ҳам йўқлиги танқид қилинган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевга эса ҳар бир ҳудуд ва тармоқдаги ўтган йилги қолоқликларни ҳисобга олган ҳолда янгиланган инвестиция дастурини киритиш топширилган.
Шунингдек, Инвестиция вазирининг 3 та ўринбосари хорижий инвестиция кўп талаб қиладиган тармоқларга, соғлиқни сақлаш ва транспорт соҳаларига инвестиция жалб қилиш учун масъул этиб бириктирилди.
Йиғилишда комплекс раҳбарияти, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари 38 миллиард долларлик, бунга қўшимча Энергетика вазирлиги 15 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш бўйича режаларини баён қилди.
Маълумот учун, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида ташкил этилган. Мурод Мирзаев 2023 йил февраль ойида агентликка директор этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Сатторов лавозимидан озод қилинганди.
LiveБарчаси