Хорижга сотиб юборилган 35 ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Жамият

image

2021 йил октябридан ҳозирги кунга қадар одам савдосидан жабрланган 35 нафар Ўзбекистон фуқароси ўз ватанига қайтарилиб, уларнинг барчасига “Istiqlol Avlodi” нодавлат-нотижорат ташкилоти томонидан AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатация мақсадида хорижий давлатларга, шу жумладан Россия Федерацияси ва Қозоғистонга олиб чиқиб кетилган. 

“Одам савдоси – инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланиш ва эксплуатация қилиш кўринишидаги глобал жиноят. Жинси, ёши ва келиб чиқишидан қатъи назар ҳар қандай шахс ушбу ҳудуд ва чегара билмас жиноят қурбонига айланиши мумкин. Одам савдосига қарши дунё миқёсида кураш олиб бориш USAID ҳамда Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2005 йилдан буён AҚШ ҳукумати USAID агентлиги орқали Ўзбекистонда одам савдоси тўғрисидаги хабардорлик даражасини ошириш ва ундан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 9,6 миллион доллардан зиёд миқдорда маблағ ажратди”, дейди USAID’нинг Ўзбекистондаги миссияси директори вазифасини бажарувчиси Луанн Гронховд. 

Одам савдосидан жабрланган шахслар аниқлангандан сўнг USAID уларни ватанига хавфсиз тарзда қайтариш ва жамиятга қайта интеграциялашишда кўмаклашади. Мамлакатга қайтган мигрантларга, шу жумладан, одам савдосидан жабрланган шахсларга психологик хизматлар, ҳуқуқий маслаҳатлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва касбий таълим олиш имкониятлари тақдим этилади. Реабилитация хизматларидан ташқари, USAID одам савдоси жабрланувчисига айланиб қолиш хавфи остида бўлган гуруҳларга кирувчи шахсларга ҳам ёрдам кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Одам савдоси

Баҳолаганлар

168

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг