Хориждаги ўзбекистонлик талабалар учун янги тизим: Муаммоларга ечим топиладими?

Жамият

Reklama
0:00

Хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ёзги таътил даврида Ўзбекистонда амалиёт қилиш ва тажриба орттириш борасида бир қатор муаммоларга дуч келади. Уларни бартараф этиш учун энди янги тизим жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ташкил этилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Кеча, 3 июль куни дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди. Жаранёнда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, 300 га яқин тадбиркор ҳамда ёшлар иштирок этди.

“Очиқ мулоқотдан кўзланган асосий мақсад – халқаро таълим олган иқтидорли ёшлар билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, инновацион ғоялар ва замонавий билимларни мамлакат иқтисодиёти ҳамда бизнес ривожига йўналтиришдан иборат”, дейди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.

Америкада, Пенсильвания университетида таҳсил олувчи Гулруҳ Содиқованинг фикрича бундай учрашувлар йиллар давомида тўпланган муаммоларга ечим топишда жуда муҳим.

“Дунё бўйича ўн биринчи ўринда турадиган олийгоҳ талабасиман. Ҳозирги йўналишим сиёсатшунослик ва тарих. Бугунги очиқ мулоқотга жуда ҳам қизиқдим. Биринчидан, бундай учрашув яратиб берилганидан жуда ҳам миннатдорман. Иккинчидан, жуда ҳам қизиқ саволлар бериляпти ва мен шуни тушуняпманки, ҳам ёшларда, ҳам тадбиркорларда, яъни иккала тарафда ҳам қанақадир муаммолар бор. Бу саволлар йиллар давомида тўпланган ва энди уларга биргаликда жавоб топишга интиламиз”, дейди ўзбекистонлик талаба.

Гонконг фан ва технологиялар университетининг учинчи босқич талабаси Асадбек Исмоилов янги тизим сабаб ўзбекистонлик талабаларнинг чет элда ишлаб, қолиб кетиш ҳолатлари камайиши мумкин демоқда.

“Ўзбекистонлик энг зўр талабалар ватанига қайтишни хоҳлайди. Лекин бу ерда имкониятлар бор-йўқлигини билмайди. Бор бўлса ҳам қайси бир ташкилотга боришни билмайди. Мана энди давлат платформа яратяпти. У орқали тадбиркорлар ва талабалар бир-бири билан мулоқот қиляпти. Бу эса ишончни оширади”, дейди у.

“Келажак эгаси ким?” деган саволга ҳамма ривожланган давлатларда жавоб битта – ёшлар. Шундай экан, билимли ва тиришқоқ авлод чет элда эмас, ўз ватанида ўзлаштирганларини амалиётга тадбиқ этиши энг фойдали ишлардан бири бўлади. Бу йўлда эса янги тузилган платформага катта умид боғланяпти. Ҳаммаси айтилганидек бўлса, тизимнинг келтирган ютуқларини тез орада кўришимиз мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг