Хоразмга кириш учун янги виза жорий қилинади
Жамият
−
01 Март
23617Сайёҳларга бир йил давомида чекловсиз Хоразмга кириш учун “Ўзбекистон – менинг иккинчи уйим” виза тизими жорий қилинади. Бу ҳақда бугун, 1 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Президент Хоразмни асосий драйверидан бири бўлган туризмни ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилинишини айтган. Унга кўра, Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тушуми 3 йил давомида Хоразмнинг ўзида қолдирилади.
Шу билан бирга, йиғилишда қатор туманларда меҳмонхоналар етишмаслиги қайд этилди.
Эндиликда меҳмонхона ва дам олиш масканларини қуриш, мавжуд ўринларни кўпайтириш учун 7 йилга 2 йил имтиёзли давр билан 18 фоиз ставкада кредитлар берилади.
Шунингдек, Урганч шаҳрида “Лазги” ва “Авесто” музейларини ташкил қилиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, хорижий сайёҳлар Хоразм таомларини севиб истеъмол қилиши ҳам яна бир имконият экани айтилди. Шу ўринда, бу таомларни на мамлакат ичида, на четда кўрсатиш учун ҳаракат, тарғибот қилинмаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан Хива шаҳрида 24 соат ишлайдиган ресторан, кафе ва овқат расталарини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
LiveБарчаси