Хоразмда томорқасида 82 туп каннабис етиштирган шахс ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Хоразм вилояти Боғот туманида томорқасида каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини етиштирган шахс аниқланди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Боғот туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1978 йилда туғилган фуқаронинг хонадони ва томорқаси текширилган. Унинг қарийб 500 квадрат метрлик ерида 82 туп каннабис ўсимлиги ҳамда 425 грамм “марихуана” сақланаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, гумонланувчи жорий йил апрель ойи бошларида томорқасига каннабис ўсимлигини экиб, уни парваришлаб келган. У етиштирилган гиёҳвандлик воситаларини кейинчалик сотиш мақсадида сақлаган.

Аниқланган гиёҳвандлик ўсимликлари ва воситалари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) ҳамда 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш ва ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида шоколад қадоқларига яширилган 967 грамм “гашиш” моддаси ҳамда Янгиқўрғон туманида 423 туп каннабис ўсимлиги аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг