Хоразмда каналдан олиб чиқилган Tico’дан эркак мурдаси чиқди. У рулга занжир билан боғланган

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида каналдан ичида ҳайдовчиси занжирланган ҳолда Tico автомобили топилгани ҳақида хабарлар ва суратлар тарқалди.

Мазкур ҳодиса бўйича Бош прокуратура Матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Унга кўра, Ҳазорасп тумани, “Темирчи маскани” маҳалласи, Базм кўчасидаги 15-уйда яшовчи 1986 йилда туғилган Т.Қ. жорий йилнинг 27 март куни соат тахминан 10:00 ларда отаси А.Қ. номидаги қизил рангли Tico русумли автомобилни бошқариб, уйидан чиқиб кетган ва қайтиб келмасдан бедарак йўқолган.

Ҳазорасп тумани прокурори Р. Жуманиязов томонидан 17 апрель куни Т.Қ.нинг бедарак йўқолганлиги юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида тўпланган далилларга кўра, Т.Қ. 27 март куни бир неча маротаба “Тошсақа” каналининг Ҳазорасп тумани, Амударё маҳалласи (ҳозирда Тупроққалъа тумани) ҳудудидаги “Чап қирғоқ” сув тақсимлаш иншооти атрофида бўлганлиги аниқланган.

Шунингдек, Т.Қ. фойдаланган телефон рақами сўнгги маротаба 27 март куни соат 21:41 да “Чап қирғоқ” сув тақсимлаш иншооти олдида бўлганлиги аниқланган.

Шу сабабли, Т.Қ.нинг мазкур “Тошсақа” каналининг“Чап қирғоқ” сув тақсимлаш иншооти атрофида сувга чўкиб вафот этган бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, 4 июнь куни сув тақсимлаш иншооти ҳудудида сув тўсилиб, ИИБ ва махсус қутқарув хизмати ходимларидан иборат гуруҳ каналда қидирув ишларини олиб борган.

Натижада, каналдан Tico русумли автомобиль ва унинг ҳайдовчиси ўриндиғида фуқаро Т.Қ.нинг бўйнидан занжир билан машина рулига қулфланган ҳолдаги мурдаси топилган.

Ҳодиса жойига вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари О.Шомуротов ва вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Казаков бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, текширув ўтказилган.

Жасад ташқи кўздан кечирилганда ва суд тиббий-экспертизада кўздан кечирилганда унинг танасида бирон-бир жароҳат излари аниқланмаган.

Ҳозирда Т.Қ.нинг ўлими сабабини аниқлаш бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Тергов ҳаракатлари ҳам олиб бориляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм жиноят

Баҳолаганлар

2689

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг