Хоразмда 30 ёшли эркак банкни ўмарди
3-саҳифа
−
30 Октябрь 2020
17158Бугун, 30 октябрь куни Хоразм вилояти Урганч шаҳрида банкни ўмарган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия Матбуот қўмитаси хабар берди.
Ҳодиса соат тахминан 10:04 ларда Урганч шаҳар Жиззах кўчасида юз берган. “Тинчлик Банк хизматлари” кичик банк биносига келган шахс банк ходимаси бўлган фуқаро Ш.К.нинг хизмат жойида ёлғизлигидан фойдаланиб, унга тан жароҳати етказган ҳолда кассада мавжуд бўлган, жами 21 088 АҚШ доллари ва 19 млн 850 сўм пул маблағини олиб чиқиб кетган.
Шундан сўнг, банк ходимаси томонидан келиб тушган ташвиш сигналига асосан, зудлик билан манзилга етиб келган Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ҳамда ИИБ масъул ҳодимлари биргаликда ҳолатни тезкорлик билан ўрганиб, ўғирлик содир қилган шахсни Урганч тумани, Чакка шоликор қишлоғидан ашёвий далиллар билан ушлаб, воқеа жойига олиб келишган.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, жиноятга қўл урган шахс Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида туғилган, ҳозирда Урганч туманида истиқомат қилувчи 30 ёшли фуқаро М.Э. эканлиги аниқланди ва ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.