Хоразмда 20 ёшли қиз “самосуд” қилинди

Жамият 76314
image

Ижтимоий тармоқларда ёш қизни бир нечта аёллар томонидан аёвсиз калтаклангани ва ҳар хил куракда турмас уятли сўзлар билан ҳақорат қилингани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти вазиятга расмий муносабат билдирди.

Департаментнинг хабарига кўра, воқеа жорий йилнинг 24 июль куни соат тахминан 12:00 ларда 26 ёшли И.О. (эркак) ўзининг таниши 20 ёшли Ю.Т. (аёл) билан учрашган вақтида содир болган. Ушбу ҳолатни И.О.нинг турмуш ўртоғи 24 ёшли М.С.(аёл)нинг дугоналари кўрган ва телефон орқали бу ҳақда М.С.га хабар берган. Сўнг 24 ёшли М.С. фуқаро Ю.Т.(аёл)ни ушлаб олиб, турли хил уятли сўзлар билан хақорат қилиб жанжал қилишган ва йигитнинг аёли фуқаро Ю.Т.ни танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган.

Жанжал вақтида М.С.нинг дугоналаридан бири ўзининг уяли телефон аппарати орқали видеотасвирга олиб, кейинчалик мазкур видеолавҳани Telegram мессенжери орқали ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган. 

Ҳозирда содир этилган ҳолат юзасидан Гурлан тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов департаменти фуқаролардан юқоридаги каби ҳолатларда ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиб, хато қилганларни ўзлари жазолашга уринмасликларини, белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини сўраган.

Ҳамда, мана шундай ҳолатлар тасвирланган видеолавҳаларни ижтимоий тармоқларда тарқатаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 189-1-моддаси ва Жиноят кодексининг 130-1-моддаларида кўрсатилган “Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш” каби маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши эслатиб ўтилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2835
Рейтинг: 3
t
×