Хоразм ва Фарғонада мансабдорлар пора билан ушланди

3-саҳифа

image

Хоразм ва Фарғона вилоятларида олиб борилган тезкор тадбирда икки мансабдор пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Хоразм вилоятининг Транспорт бошқармаси бош мутахассиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаронинг ишончига кириб, бошқа бир фуқарога тегишли бўлган ва Урганч шаҳрида аҳолига транспорт хизматлари кўрсатишга ихтисослашган МЧЖга қарашли 960 метр квадрат бўш ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали унинг номига ўтказиб, у ерда кўп қаватли турар-жой қуриши учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 135 минг АҚШ доллари талаб қилган. У шундан 80 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддасининг (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Фарғона вилоятида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Ёзёвон тумани бўлими бош мутахассиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида пудратчи корхонанинг рейтинг балларини кўтариш ҳамда тендерга тақдим қилиш мақсадида, ҳақиқатда мавжуд бўлмаган қурилиш техникаларининг техник паспорти ва ёрлиқларини тайёрлаб бериш эвазига 8700 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Чортоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси пора билан қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

пора Хоразм Фарғона мансабдорлар Транспорт бошқармаси Агросаноат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг