Хоразм ва Бухорода оғуфурушлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида яшовчи фуқаронинг машинасидан 3 кг 982 гр опий гиёҳвандлик моддалари топилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди. 

Маълум қилинишича, ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Хазорасп туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Cobalt холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг салонидан 3 кг 982 гр опий топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида мазкур шахс Тожикистондан келтирилган ушбу ажал оғусини Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи 2 нафар фуқародан олгани аниқланиб, Хазорасп туманидаги меҳмонхонанинг улар жойлашган хонасидан сотиш учун мўлжалланган 1 кг 952 гр опий ҳам тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Жараён оғуфурушларнинг эски режаси асосида қайта саҳналаштирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини сотиб олмоқчи бўлган яна 2 нафар хазорасплик "савдогар"лар ушланган. 

Бундан ташқари Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 50 ва 48 ёшли муқаддам судланган 2 нафар фуқаро Бухоро шаҳрида 1 кг 224 гр опий моддасини 50 минг долларга сотаётган вақтида ДХХ ва Божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган. 

Бошқа бир ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудида ҳаракатланаётган  Nexia тўхтатилиб, текширилган. Текширув жараёнида 33 ёшли фуқаронинг ёнидан 1 кг 913 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган. 

“Ушбу ажал оғуси тожикистонлик наркокурьерлар томонидан  контрабанда йўли билан Тошкент вилоятига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ҳам Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг “Ойбек” чегара божхона постида Ўзбекистон ҳудудига 55 килограмм наркотик моддасини олиб ўтмоқчи бўлган чет эл фуқароси ушланганди. Шу ой бошида эса Тошкент халқаро аэропортида сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик миқдордаги – 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси тўхтатиб қолинганди


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё ДХХ Хоразм Тожикистон Тошкент вилояти опий гиёҳвандлик воситаси Хазорасп Бука

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг