Хонанда Манзура муаллифлик ҳуқуқини бузиб қўшиқ айтди
3-саҳифа
−
10 Май 14304 2 дақиқа
“Азизим” қўшиғи муаллифи Али Ниязимбетов муаллифлик ҳуқуқини тиклаб беришни сўраб, Адлия вазирлигига мурожаат қилди. Бу ҳақда вазирлик ҳузуридаги Интеллектуал мулк департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, халқ орасида “Азизим” қўшиғи билан танилган Али Ниязимбетов мусиқий асар унинг рухсатисиз ижро этилгани юзасидан ҳуқуқий чора кўрилишини сўраб мурожаат қилган ва унинг мурожаати Адлия вазирлиги томонидан ўрганилиб чиқилган.
Ўрганиш мобайнида халқ орасидаги таниқли ижодкор Манзура ва Муроджон Йўлдошев ижросидаги “Азизим” номли мусиқий асар муаллиф рухсатисиз фойдаланилгани аниқланиб, ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси (муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг қарорига кўра, судланувчи Муроджон Йўлдошевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддасининг биринчи қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдорида – 375 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Абдуссамий” тахаллуси билан танилган шоир Шоҳрух Абдувоҳидов хонанда Ботир Қодиров устидан тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан шеърларини қўшиқ қилгани учун шикоят қилган эди. Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддасининг 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдорида – 3 миллион сўм жарима жазоси тайинланган эди.
Live
Барчаси