Хоманаий портдаги портлаш сабабларини синчиклаб текширишни буюрди
Олам
−
28 Апрель
2869Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий хавфсизлик ва суд органларига мамлакат жанубидаги Бандар Аббос портида содир бўлган портлашни тергов қилишни ва бунда қасд ёки бепарволик борлигини аниқлашни буюрди.
Хоманаий махсус мурожаатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Унинг таъкидлашича, расмийлар бундай фожиаларнинг олдини олишни ўзларининг бурчи деб билишлари, айниқса, қўпорувчилик эҳтимолига эътибор беришлари керак.
“Полиция ва адлия органлари воқеанинг эҳтиётсизлик ёки ғараз туфайли содир бўлганини аниқлаш учун чуқур текширув ўтказиши керак”, деди Эрон олий раҳбари.
Ҳодиса 26 апрель куни тушда Форс кўрфази соҳилидаги Бандар Аббос портида содир бўлган. Бир неча контейнер портлаши оқибатида 40 киши ҳалок бўлди, 1000 дан ортиқ киши жароҳатланди. Нашр этилган суратлар портнинг бир қисми жиддий шикастланганини кўрсатади. Портлаш сабаблари ҳали расман аниқланмаган. Эрон расмийлари ҳозирда қўпорувчилик назариясини тасдиқловчи далил йўқлигини айтди.
Айрим ОАВ портлаш кимёвий моддалар ва ракета ёқилғисига эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш оқибатида содир бўлгани ҳақида ёзди. Бироқ кеча,27 апрель куни мамлакат Мудофаа вазирлиги бундай хабарлар “Эрон душманлари таъсири остида” пайдо бўлаётганини таъкидлади. Вазирлик баёнотида Бандар Аббосдаги Шаҳид Ражаи порти ҳудудида ҳарбий юклар йўқлигини, аммо портлашнинг аниқ сабабини аниқлаш давом этаётганини айтилади. Эронда 3 кунлик мотам эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг Бандар-Аббос шаҳридаги Шаҳид-Ражаи порти ҳудудида рўй берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Президент Масъуд Пезешкиёнга таъзия мактубини йўллаганди.
LiveБарчаси