Эронда уч кунлик мотам эълон қилинди
Олам
−
28 Апрель
8256Жорий йилнинг 25 апрель оқшомида Эроннинг Хормузгон вилоятидаги Шаҳид-Ражаи портида юз берган портлаш оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакатда 3 кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда IRIB хабар берди.
Хормузгон губернатори Муҳаммад Ашурининг айтишича, ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкин. У ҳозиргача 750 киши жароҳат олгани ва улар шифохоналарга жойлаштирилганини, 200 нафарига уйига жавоб берилганини маълум қилди.
“Портлаш оқибатида маъмурий бино вайрон бўлди, кўплаб автомобиллар ва яқин атрофдаги уйлар зарар кўрди. 27 апрель тонгидаги маълумотларга кўра, қутқарувчилар ҳали ҳам ёнғинни бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, портлашга натрий перхлорат – баллистик ракеталар учун қаттиқ ёнилғи тайёрлашда ишлатиладиган асосий модда сабаб бўлгани ҳақида дастлабки маълумотлар мавжуд. Эрон Миллий нефтни қайта ишлаш ва тақсимлаш компанияси баёнотига кўра, портлаш нефтни қайта ишлаш заводлари, ёнилғи омборлари, тақсимлаш комплекслари ёки нефть қувурлари билан боғлиқ эмас, ушбу объектлар доимий ишлашда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг Бандар-Аббос шаҳридаги Шаҳид-Ражаи порти ҳудудида рўй берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Президент Масъуд Пезешкиёнга таъзия мактубини йўллаганди.