Хоманаий Пезешкиёнга президентлик мандатини топширди (видео)
Олам
−
28 Июль
8197Эрон Ислом инқилоби етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий бугун, 28 июль куни турли расмийлар ва арбоблар иштирокидаги маросимда Масъуд Пезешкиёнга президентликнинг расмий мандатини топширди. Бу ҳақда “Iran International” хабар берди.
Танфиз деб номланган маросим чоғида Хоманаий тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни Пезешкиёнга топшириб, уни расман қонуний Президент деб тан олди. Хоманаий идораси раҳбари Муҳаммад Голпаеганий Эрон Ислом Республикаси Олий раҳбари томонидан бу лавозимга тайинланганлигини расман тасдиқловчи фармонни ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг янги Президент нутқ сўзлаб, Хоманаийнинг буйруғига амал қилишини таъкидлаб, сиёсий келишмовчиликларни бартараф этишга чақирди.
Танфиз маросимидан сўнг, 30 июль куни Пезешкиён парламент олдида қасамёд қиладиган Таҳлиф маросими бўлиб ўтади. Таҳлифда янги сайланган Президент парламент (мажлис) олдида суд ҳокимияти раҳбари ва Қўриқчилар кенгаши аъзолари иштирокида конституцияни ҳимоя қилишга ва давлат раҳбари сифатидаги вазифаларини содиқлик билан бажаришга ваъда бериб қасамёд қилади. Ҳар иккала маросим ҳам президентлик ҳокимиятини ўтказишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, янги Президент учун ҳам ҳуқуқий, ҳам рамзий қонунийликни таъминлайди.
IRNA хабарига кўра, маросимда 2500 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, миллий ва ҳарбий амалдорлар, диний ва илмий муассасалар раҳбарлари ва профессорлари, турли соҳа вакиллари ҳамда Теҳронда жойлашган хорижий элчилар иштирок этган. Шунингдек, давлат матбуоти қасамёд қабул қилиш маросимида турли давлатлар ва халқаро ташкилотлардан 70 нафар хорижий делегациялар иштирок этишини маълум қилди.
Маълумот учун, Эрондаги президентлик сайловларида ислоҳотчи собиқ соғлиқни сақлаш вазири Масъуд Пезешкиён 16,384 миллион овоз – умумий овозларнинг камида 53,6 фоизи билан ғалаба қозонганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг янги Президенти, ислоҳотчи Масъуд Пезешкиён исломий республиканинг Ғарб ва Исроилга нисбатан сиёсатини ўзгартирмаслигини айтганди. Шунингдек, у “Янги дунёга менинг хабарим” деб номланган шахсий фикрлари акс этган мақоласида Эрон АҚШ босимини рад этиб, Россия ва Хитой сиёсатини олқишлашини билдирганди.